library.tdpu.uz     majmua.tdpu.uz     eDarslik.tdpu.uz     asofaviy ta`lim     Pedagog     Ota-onalar uchun     Kirish          

27 mart 2015 yil, 4,261
.

Қозоқ бўлимига — 60 йил

Мақсади бир, аҳил ўзбек ва қозоқ халқлари бугунги кунда ўз суверенитетига эга, мустақил стратегик ривожланган давлатлар сифатида жаҳон ҳамжамиятида тобора нуфузи юксалиб бормоқда.

Ўзбек ва қозоқ миллатларининг бир-бири билан мақсад-муддаоси бир халқлар эканлигини кўрсатувчи далиллар жуда кўп. Бизнинг мамлакатларнинг нафақат ери, балки тарихи ва тақдири ҳам чамбарчас боғлиқдир. Бугунги кунда биз, Ўзбекистондаги қозоқ диаспораси давлатимизнинг танлаган тараққиёт йўлини қўллаб-қувватлаган ҳолда меҳнат қилиб, таълим олмоқдамиз, тинч-тотувликда ҳаёт кечирмоқдамиз.

Ўтган асрнинг 50-йилларида Ўзбекистондаги қозоқ мактабларида, қозоқ тили ва адабиёти фанларидан мутаҳассисларга эҳтиёж айниқса кўпроқ сезилди. Ўша даврдаги ҳукумат ҳам бундан хабари бор эди. Натижада халқнинг талабини қондириш мақсадида кўплаб ижобий қарорлар қабул қилинди. Шуларнинг бири сифатида таъкидлаш жоизки, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг тарих-филология факультети таркибида қозоқ тили ва адабиёти фанларидан мустаҳассис кадрлар таёрланадиган бўлим очилди. Бу 1953 йил эди. Ушбу қарор ижросининг боши-қошида туриб, бевосита ўзи муҳим тадбирларни амалга оширган ўша даврдаги Марказий қўмита таркибидаги мактаблар бўлимнинг қозоқ, қорақалпоқ мактаблари бўйича кўрсатма берувчи вазифасини бажарган Тўлеген Айдаровнинг сўзларини эсласак:

“Марказий қўмитага турли мазмундаги хатлар, таклифлар келиб тушади. Улар орасида таълим-маърифат соҳасига оидлари ҳам кўп эди. Шулар жумласидан, қозоқ, тожик мактабларида тил ва адабиёт фанларидан муаллимлар етишмасилиги ҳам ёзилган хатлар бор эди. Қозоқ мактабларига тегишлиларини мутасаддилар менга топширди. Материаллар билан танишиб чиққач, уларнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиб, мазмунини маъқуллайдиган далилларни йиғиб, тартибга солиб бердим. Орадан бироз вақт ўтгач бу масала бюрода кўриб чиқилиб, қозоқ ва тожик тилларида олий маълумот бериладиган бўлимларни очиш масаласи Таълим вазирлигига ва Тошкент, Самарқанд шаҳарларидаги таълим бўлимлари зиммасига юклатилди. Мен таълим ўша пайтдаги вазирининг ўринбосари Аъзам Бобожонов ва Низомий номидаги педагогика институтининг ректори Ж.Абдуллаев билан сухбатлашдим. Улар буни маъқул топишди, ҳамда мазкур олий таълим муассасасида 1953 йили тил, адабиёт ва тарих фанлари мутаҳассислар тайёрланадиган қозоқ бўлими фаолият юрита бошлади”.

Бўлимнинг биринчи устози сифатида Ниятулла Базарбаев таклиф этилди. Кейинги йилларда бўлимга адабиётшунослик фани бўйича М.Бекбергенов устозлик қилди. Сўнг Қозоқ давлат университети доцентлари — тилшунос Алмамбет Тўлеуов ва адабиётшунос Қурманбет Турғунбаевлар ишга таклиф этилишди. Бу пайтда мактабда дарс бераётган ўша университетнинг собиқ талабалари Мекемтас Мирзахметов ва Турап Айбаровлар ўқитувчи сифатида ишга қабул қилинишди. Вақти-вақти билан мактаблардан Жолдасбек Буғибаев, Барат Ерменов, Тангсиқбай Жолдасовлар келиб дарс беришди.

Факультет ўша пайтлари тарих-филология дея номланганлиги боис, бўлимда тарих фани мутаҳассислари катта аҳамият касб этарди. Жумладан, Р.Байжанов, А.Қирғизбаев, С.Тилеуқулов, Э.Нуриддинов, Ш.Қуримбаев, М.Назаров, Қ.Муминов каби устозларнинг талабаларга таълим-тарбия бериш жараёнига қўшган ҳиссаси салмоқлидир.

Педагогика-психология фанларидан Н.Бимухаммедов, К.Хашимов, Ж.Палманов, М.Хатамов, С.Оринбаев, сиёсий иқтисодиёт фанидан дарс берган С.Адигеев, Н.Ўткелбаев, файласуфлар Э.Юсупов, Қ.Қосанбаев, Т.Қурбоновларнинг заҳматли меҳнатлари алоҳида таҳсинга сазовордир.

Олтмишинчи йилларнинг бошларида қозоқ бўлимининг сиртқи ўқув тизими фаолиятини бошлади. Натижада қозоқ мактабларининг фан бўйича мутаҳассисларга бўлган эҳтиёжи сезиларли даражада қоплана бошлади.

Институт, факультет раҳбарлигига келган Ш.Абдуллаев, К.Юсупов, З.Нуриддинов, Ғ.Абдурахмонов, Б.Қодиров, Т.Бобоев, Қ.Қосанбаев, Н.Махмудов, Б.Тўқлиев, И.Йулдошевлар бўлимга ғамҳўрлик кўрсатиб, қўлдан келган амалий кўмакларини аямадилар. Олий таълим муассасасини намунали тамомлаган талабаларни саралаб, ўқитувчи сифатида олиб қолишга эътибор қаратилди. Улар сафида А.Исабаев, С.Арисбекова, М.Оразов, Қ.Саттаров, Қ.Сейданов, Т.Қалдибаев, А.Қалдибекова, Е.Абдувалитов, А.Сарсенбеков, Ў.Байқабилов, А.Бектаевлар қабул қилинди. Юқорида номлари зикр этиб ўтилган устозлар уларнинг педагогик-методик, илмий-назарий малакаларининг оширилишига катта аҳамият қаратиб, йўл-йўриқ кўрсатиб, илмий ишларига раҳбарлик қилишди. Натижада бўлим ўзини-ўзи кадрлар билан таъминлай оладиган даражага етди. Тошкент, Олма-Ота, Ашхобод, Москва, Боку, Душанбе, Бишкек, Қозон шаҳарларидаги илмий марказлар билан мустаҳкам алоқалар йўлга қўйилиб, ўз маърузалари билан йирик анжуманларда иштирок этиб келишди.

Етмишинчи йилларда М.Бекбергенов, Н.Базарбаев, шунингдек бўлимимизнинг ҳар даврдаги қалдирғочлари бўлган А.Исабаев, Қ.Сейданов, М.Оразов, Қ.Саттаров, Т.Қалдибаевлар фан номзодлари ва докторлари бўлишиб, бўлимнинг мавқеини мустаҳкамладилар.

1972 йил май ойида “Қозоқ филологияси” кафедраси ташкил этилди. Кафедра бўлимдаги илмий-методик ишларни мувофиқлаштириб, тизимли, узлуксиз фаолиятни йўлга қўйди.

Кафедранинг биринчи мудири доцент Н.Базарбаев бўлди. Сўнг 1981-1985 йиллар оралиғида доцент Қалдибек Сейданов, 1986-1994 йилларда профессор Т.Айдаров, 1994-2005 йилларда профессор Т.Қалдибаевлар мудир лавозимларини бажаришди.

Қозоқ тили ва адабиёти тўгаракларида Т.Айбергенов, З.Асабаев, Қ.Сейданов, М.Оразов, Қ.Саттаров, Т.Қалдибаев, Б.Турғинбаев, А.Қалдибекова, А.Сарсенбеков, Е.Абдувалитов, Т.Кўшенова каби ёзувчи ва шоирлар, ҳамда олимлар тарбияланди.

Бўлимдан етишиб чиққан талабалар орасидан Т.Айбергенов Қозоғистон Ёшлар мукофотининг лауреати, шоир, болалар адабиётининг ёрқин намояндаларидан бири М.Омаров кўплаб давлат мукофотларининг соҳиби, Қ.Сейданов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ҳодими” бўлишди. Т.Қалдибаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ, “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. 90-йилларда кафедрамиз янги номлар билан бойиди. Шу ўринда Қ.Жидебаев, Б.Турғунбаев, А.Сарсенбеков, Т.Кўшеноваларнинг исмларини қайд этиб ўтиш ўринлидир.

Бугунги кунда кафедрамиз ўқув сифатини яхшилаш борасида кўплаб фойдали масалаларни кўтариб чиқмоқда. Айниқса, таълим жараёнига тааллуқли бўлган таълим стандартлари, намунавий ва иш режалари, методик комплекслар, янгича ўқув қўлланмалари ва умумий ўрта таълим мактаблари учун дарсликлар яратишда жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Бўлимнинг профессор-ўқитувчилари “Қозоқ тилининг структур масалалар ва уни ўқитиш методикаси”, “Қозоқ адабиётининг қардош халқлар адабиёти билан алоқаси ва уни ўқитиш методикаси” йўналишида илмий изланишлар ўтказди. Кафедра аъзоларининг методик қўлланмалари, халқаро илмий анжуманларда ўқиган маърузалари қозоқ тили ва адабиётининг муҳим масалаларига бағишланган. Масалан, яқинда Олма-Ота шаҳрида таниқли олима Н.Оралбайнинг 85 йиллик юбилейига бағишлаб ўтказилган “Замонавий филология фанлари” деб номланган илмий-назарий анжуманга Е.Абдувалитов, Н.Сиздиқбаев ва Д.Дуйсебаевлар махсус иштирок этиб, олий тоифадаги сертификат соҳибларига айланишди.

Кафедра Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Гулистон давлат университетига, Навоий ҳамда Нукус давлат педагогика институтларига малакали кадрлар масаласида яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Шунингдек, М.Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университети, Абай номидаги Олма-Ота педагогика университети ҳамда Н.Келимбетов номидаги “Туркология” илмий маркази билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилган.

Бўлимда А.Байтурсинов номидаги “Тил таълими” ва Т.Айбергенов номидаги “Шуғила” тўгаракларида тил ва адабиётнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади. 1995 йилдан буён бўлим талабалари республика фан олимпиадаларида фаол иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқдалар. Улар орасида А.Тасполатов, Н.Баймуратова, Р.Нурахмедова, Д.Дуйсебаева, Г.Бабашева, И.Алжанова, Л.Буғибаева, Г.Сапарова, М.Атабаева, Қ.Башаров, М.Першеева, Н.Туйахов, А.Абдуллаев, Ш.Қабиловаларни алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлидир.

Кафедра 2007 йилнинг 10 декабрида “Шератон” меҳмонҳонасида Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Элчихонаси ҳамкорлигида қозоқ халқининг буюк ёзувчиси М.Авезов таваллудининг 110 йиллигига бағишлаб “Мухтор Авезов ва ўзбек-қозоқ халқларининг адабий-маданий алоқалари” мавзусида анжуман ташкил қилди. Анжуман материаллари асосида “Аср донишманди” деган ном билан тўплам нашр этилди.

Бўлимнинг 60 йиллигига совға тариқасида Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Элчихонаси М.Авезов номидаги анжуманлар зали ва ахборот-ресурс марказини замонавий стандартлар асосида жиҳозлаб берди. Мазкур АРМда ҳозирда мутаҳассисликка оид 5 мингдан зиёд адабиёт базаси шаклланган.

Ҳулоса ўрнида шуни таъкидлаб ўтишни истардикки, ўз она тилида таълим олишига шарт-шароит яратиб берган қардош ўзбек халқига, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети жамоасига чуқур миннатдорчилик билдирамиз.

Ергеш АБДУВАЛИТОВ,

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, “Қозоқ тили ва адабиёти ўқитиш методикаси” кафедраси мудири, педагогика фанлари номзоди, доцент.

27 mart 2015 yil, O`qilgan:4261



Xabar qoldirish

Agar Sizda universitetimiz faoliyati bo`yicha masalalar/muammolar,
ariza, shikoyat yoki takliflar bo`lsa
virtual qabulxona
orqali qoldirishingiz mumkin

Ushbu sahifa bo`yicha fikringizni esa quyida qoldirishingiz mumkin



Ismi sharifingiz:

E-mail:

Fikringiz :
Ximoya kodini kiriting :


Bizning loyihalar