Library.tdpu.uz   Elektron majmua   eDarslik.tdpu.uz   asofaviy ta`lim   Pedagog   Kirish      



TOSHKENT DAVLAT
PEDAGOGIKA UNIVERSITETI

“Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним - Ўзбекистоним” (мустақиллик дарсларига мўлжалланган услубий қўлланма)

Ўзбекистон Республикасининг 24 йиллик мустақиллик байрами муносабати билан
“Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним - Ўзбекистоним” шиори остида ўтадиган мустақиллик дарсларини ўтказишга мўлжалланган услубий қўлланма

КИРИШ

   Мустақиллик – бу, аввало, биз кимларнинг, қандай буюк зотларнинг авлоди эканимизни чуқур идрок этиш, миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги руҳида яшаш, истиқлол ғояларини юртдошларимиз, хусусан, ёш авлод қалби ва онгига янада теран сингдириш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш, демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишнинг энг асосий ва муҳим шарти, миллий тараққиётимизнинг кафолати, демакдир.

Маълумки, мустақиллик ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрам сифатида юртимиз бўйлаб катта тантана қилинади. Эътиборлиси эса ҳар йилги байрам тадбирлари ўзгача маъно-мазмун касб этадиган шиор остида нишонланади. Бу йилги байрам «Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним - Ўзбекистоним!» деган шиорни асосий ғоя сифатида ўзида мужассам этган.

Ушбу ғоят таъсирчан шиорни бугунги кунда ҳар бир ўзбекистонлик ўз қалбидаги бемисл фаҳру ғурур, бахтиёрлик ва шукроналикнинг ёрқин, самимий ифодаси сифатида қабул қилмоқда. Байрам шиоримиз ўз замирида кундан-кун чирой очаётган юртимиз қиёфаси, барқарор суръатларда ривожланаётган иқтисодиётимиз, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, мана шу мўътабар заминда тотув ва баҳамжиҳат яшаётган барча миллатларнинг бугунги бахт-иқболи ва ёркин истиқболини, гўзал юртимизга бўлган меҳр-муҳаббатимизни тўла мужассам этган. Бугун эса Ўзбекистонимиз барқарор суръатларда жадал тараққий этмокда.     Мустақилликнинг илк йиллариданоқ тараққиётимизнинг «Ўзбек модели» белгилаб олинди. Кўп ўтмай, бу йўлнинг энг тўғри ҳамда оқилона экани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилди.       Мустақил тараққиётимизнинг асосий мақсади ва моҳияти эса «Ислоҳот - ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун» деган тамойилнинг ҳаётий ифодаси сифатида бўй кўрсатди.

Ўзбекистон иқтисодиёти 4,1 баробар, аҳолининг ялпи реал даромадлари жон бошига 8,2 карра ошгани, кейинги 9 йил мобайнида

мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 8 фоиздан кам бўлмасдан келаётгани ва бошқа шу каби рақамларнинг қиёсий таҳлилини кўриб бугунги кунимизнинг кечагидан тубдан фарқ қилишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Бугун шаҳар ва қишлокларимиз жамолининг кундан-кун кўрк очиб бораётгани, айниқса, қишлоқ аҳолиси учун муносиб турмуш шароитини яратиш мақсадида қурилаётган намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар ва инфратузилма тармоқдарини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишларимиз мамлакатимизда инсон манфаатлари барча нарсадан устун эканини кўрсатмоқда. Айникса, юртимиз ёшлари учун яратилган кенг имкониятлар, уларнинг замонавий билим эгаллашлари, санъат ва спорт билан шуғулланишлари учун қурилган муҳташам таълим муассасалари, спорт иншоотларида яратилган зарур шарт-шароитларга бугун дунё жамоатчилиги катта қизиқиш ва зўр ҳавас билан қарамокда.

1-БОБ: МУСТАҚИЛЛИК – ЭЗГУ ОРЗУЛАР РЎЁБИ

  Мустақиллик буюк неъмат, бу неъматга эришиш ҳеч қайси даврда осон кечмаган, кўпгина ҳалқлар мустақилликка фарзандларининг қонлари, узилган жонлари эвазига эришган. АҚШда мустақиллик учун кураш йиллари (1775-1883 й)да 150 мингга яқин одам қурбон бўлган, Мадагаскарда (1947й) мустақиллик 90 минг тинч аҳолининг қурбон бўлишига олиб келган, Жазоир (1954-1962 йиллар)да 1.5 милион аҳоли қурбон бўлган, 3 милионга яқини концлагерларга ташланган. Халқнинг тинч йўл билан мустақилликка эришиши тарихда кам учрайди. Халқнинг тинч йўл билан мустақилликка эришиши мумкинлигини Хиндистон мисолида кўриш мумкин. Ўзбекистон ўз мустақиллигига тинч (парламент) йўли билан эришди ва бунда Президент Ислом Каримовнинг доно раҳбар, тарихий шахс сифатидаги ўрни беқиёс бўлди. Лекин бу мустақиллигимиз осонликча қўлга киритилди, деган хулосага асос бўла олмайди. Тарихнинг яратувчиси, ижодкори халқ экани шубҳасиз. Айни шахснинг тарихдаги ўрнига ҳам эътибор қаратиш талаб этилади. Ўзбекистон тарихнинг қалтис бурилиши палласида тараққиётнинг тарихда кузатилмаган бутунлай бошқа йўл билан ижобий ривожлана олиши мумкинлигини исботлай олди. Йирик адиб Чингиз Айтматов Ўзбекистон мисолида тақдир тарихнинг энг қийин палласида ўзига хос сиёсий селекцияни амалга оширди, тарих саҳнасига энг керакли шахс- Ислом Каримовни олиб чиқди, деганда мутлақо ҳақ эди. Айни мустақиллик арафасида (1991-йил 20-августда) И.Каримов Республика аҳолисига шундай мурожат қилди. “Бизга тинчлик, осойишталик керак. Тинчликни бузаётган, ўз манфаатини кўзлаётган ҳар ҳил шахсларга- муттаҳамларга қулоқ солмаслик, ўзимиз танлаган йўлдан қолмаслик керак”.

  Юртимизнинг уч минг йиллик тарихи кўп долғали воқеа -ҳодисаларга бой. Лекин энг катта маънавий, моддий, иқтисодий ва ҳаттоки жисмоний йўқотишлар сўнгги 130 йиллик мустамлака даврига тўғри келди. Аммо яқин- яқин давргача бу давр ҳақидаги ҳақиқат яшириб келинди. Тарихни холис ўрганишга киришганимиз боис мустақиллик ҳар доим ҳам халқ, аждодларимизнинг энг эзгу орзуси эканлигини, ҳолис тарихни англай олдик. Маълумки, Ўрта Осиё (Турон замин) 19 асрнинг 60 йилларида чор Россиянинг мустамлакасига айланди. Табиатан эрксевар бўлган халқимиз Туронзаминнинг бошқа халқлари қаторида чел эл босқинчиларига қарши кураш олиб борди.

Юртбошимиз таъкидлаб ўтганидек, ҳалқимиз азалдан ўз истиқлоли учун курашиб келган. Бунга ўзбек халқининг мустамлакачилик йилларида олиб борган озодлик урушлари мисол бўла олади. 1917 йилдаги инқилоб, совет тузуми мустамлакачилик зулмига, Марказ ва Туркистон ўртасидаги нотенг муносабатларга барҳам бермади. 1917 йилда эълон қилинган Қўқон мухторияти 1918 йил февралида шафқатсизларча бостирилди. СССР таркибида Ўзбекистон Республикаси ташкил топди. Халқнинг, унинг мард ўғлонларининг озодликка, мустақилликка интилиши Совет давлати олиб борган қатағонлик сиёсатида ўз ифодасини топди.

Октябрь тўнтаришидан кейин ленинча ҳукумат томонидан ўтказила бошлаган “коммунизм қуриш” режаси, совет тизимининг қатоғончилик табиатини яққол намоён эди. Тарихчиларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, 1924 йилдан 1953 йилга қадар (уруш йиллари бундан мустасно) собиқ иттифоқда 20 миллиондан ортиқ киши қатағонлик қурбони бўлди. Бу даврдаги қатағон миллий зиёлилар вакиллари,жамоат ва давлат арбобларига қарши қаратилди. Масалан, 20 йилларнинг бошларида Қ.Отабоев, Т.Рисқулов, Н.Тўрақуловлар миллатчиликда айбланди. Сўнгра “иномовчилар”, “18 лар гурухи”, “қосимовчилик” номини олган ишлар кўриб чиқилди. 1929 йил охирларида таниқли маърифатпарвар Мунаввар Қори бошчилигидаги ташкилотнинг 15 аъзоси қамоққа олинди, уларнинг 15 нафари отиб ташланди. Кейинчалик қатағонлар янада кучли авж олди. Дастлаб 20-30 йиларда халққа қарши қаратилган сиёсий қирғин “синфий душман  унсурларга қарши кураш” шиори остида амалга оширилди. Кейинчалик қатағонлар ахолининг тобора янги янги қатламларини ўз домига тортди. Абдулла Қодирий, Рамзий, Чўлпон, Боту, Фитратлар асарлари социалистик реализим андозаларига мос келмаслиги туфайли қатағонга учради. Ўзбек адабиёти асосчиларидан бири бўлган Ойбек “буржуа миллатчилиги”да айбланди. Ўзбекистон фалсафа мактабининг асосчиси академик Иброҳим Мўминов “Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли” асарида тарихни идеаллаштиргани учун хужум, таъна ва маломатларга учради. Ойбек ҳам Иброҳим Мўминов ҳам қораланишлари туфайли ҳаётдан эрта кетдилар. 1937 йилнинг ўзида Ўзбекистонда колхозларга қарши кайфиятда бўлган одамлар – қулоқлар, бойлар, рухонийлар, аксилинқилобчиликда айбланиб, 60 мингдан ортиқ одамлар жазоланди. Расмий маълумотларга қараганда 1937-1953 йиллар орасида Республикада суддан ташқари органлар - “учлик”лар  қарори билан 100 минг киши қатағон қилинди, улардан 13 мингтаси ҳукм қилинди. Ўша даврда  “шаклан миллий, мазмунан социалистик маданият”ғояси  ҳукмрон дунёқараш даражасига кўтарилди, лекин унинг намоёндалари йўқ қилинди. 30 йилларнинг бошларида Ватан тарихи, география, “ўлка табиатини ўрганиш” мактаб таълимидан чиқариб юборилди.

Совет тузими, унинг империячилликка асосланган сиёсати 80-йилларга келганда таназзулга юз тута бошлади. Уни сақлаб қолиш, реанимация қилиш хатти-ҳаракатлари кучайди ва шу асосда “қайта қуриш” сиёсати юзага келди. Лекин бу сиёсат ҳам қудратли бўлган совет империясини сақлаб қола олмади. Сиёсий вазият тобора кескин тус ола борди. Турли сиёсий ўйинлар, найранглар воситасида СССРни  сақлаб қолиш интилишлари кучайди. Бу Грузиядаги Тбилиси воқеалари, Озарбайжон ва Арманистондаги Тоғли Қорабоғ, Қирғизистондаги Ўш, Ўзбекистонда пахта иши воқеаларида ўз ифодасини топди.

“Пахта иши” “ўзбеклар иши”га айлантирилди. Бу халқимиз, миллатимиз нафсониятини топташ, шаънини булғашга, бадном қилишга қаратилган эди. Мамлакатимизда зўравонликни амалга ошириш учун марказдан Гдлян, Ивановлар бошчилигида “кадрлар” юборилди. Улар халқимиз орасида “қизил десантчилар” номини олди. Республикамизнинг 30 мингга яқин фуқаросига сохта айбловлар қўйилди. Бу мисли кўрилмаган “ишни” Иттифоқ марказий матбуоти, телевидениясидаги чиқишлари орқали пуфакдек шишириб, “Ўзбекистонда мафия ҳукм сурмоқда, коррупция чуқур илдиз отган”,  деб жар солишди.          Республикамизнинг 30 мингга яқин фуқаросига  сохта айбловлар қўйишди. Гўё тарих чархпалаги ортга айланаётган, ўттизинчи-қирқинчи йиллардаги қатағон такрорланаётганидек эди. Ана шундай шароитда халқимиз орсида миллий уйғониш, ўзини англаш жараёни бошланди. Бу собиқ совет тузуми таназзулининг сабабларидан бири-маъмурий буйруқбозликка асосланган планли иқтисодиёт ва унинг иллатларидан ўзга нарса эмасди.

Бундай сохтакорлик ўйинлари аслида империянинг ўз мавқеини сақлаб қолишга қаратилган эди.

80-йилларнинг охирига келиб собиқ империя заифлашиб қолган, республикалар ўзларига эркинликни талаб қила бошлаган эди. Бундай жараёнлардан тахликага тушган мустабид тузим раҳбарлари томонидан уларни тутқунликда сақлаб қолиш мақсадида фитна,  иғволар,  низолар уюштирилди. Буни 1989 йил 29 майда бўлиб ўтган Фарғона воқеалари, атайлаб уюштирилган ўзбек ёшлари ва месхети турклари орасидаги тўқнашув мисолида кўриш мумкин.

Собиқ марказ Фарғона воқеаларини рўкач қилиб, ўзбек халқини дунё олдида ёмонотлиқ этишга уринди. Оммавий ахборот воситалари орқали содда ва камтарин, заҳматкаш ва бағрикенг юртдошларимизга нисбатан “босмачи”, “ашаддий миллатчи”, деган бўҳтон гаплар тарқатилди.

Юртбошимиз раҳбарлик фаолиятининг илк кунлариданоқ бундай можаролар, хусусан Фарғона воқеаларига бир томонлама қараш, бу можароларда ўзбек халқини айбдор қилиш ҳаракатига қарши чиқди. Ўша даврда бундай воқеаларга ҳаққоний, холис баҳо бериш, шу тариқа юртимиз манфаатларини, халқимиз шаъни ва ғурурини ҳимоя қилиш мустабид тузум сиёсатига қарши чиқишдан ўзга нарса эмас эди.

Президентимиз “Ўзбек халқининг виждони пок. Фарғона воқеалари Ўзбек халқининг иродаси билан содир бўлмаган. Бу воқеаларга тарих албатта ўзининг адолатли хукмини чиқаради. Халқимиз ҳеч қачон бошқа  халқларга нисбатан душманлик кайфиятида бўлмаган. Бу қадимий ва ҳозирги тарихимиздан олинган кўп мисоллар билан исбот қилинган”лигини қатъий таъкидлаб, бунинг сабаблари узоқ вақтлар давомида ечилмасдан, газак олдирилган камчилик ва нуқсонлар эканлигини юзага келган ижтимоий муаммоларни чуқур таҳлил қилиш  асосида очиб ташлади.

Ана шундай мураккаб, кескин муаммолардан бири ёшлар масаласи эди. Президент бундан 25 йил аввал – 1990 йил 4 августда ёшлар, уларнинг муаммолари ва ечим йўллари ҳақида фикр юритар экан, таълим-тарбия масаласига алоҳида эътибор қаратиб “Бизга кадрлар тайёрлашнинг махсус миллий дастури керак”, деган эди. Бу дастур:

- Умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш; энг истеъдодли болалар учун мактаблар очиш, уларни оммавий касбларга тайёрлаш;

- Олий ўқув юртлари фаолиятини юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлашга йўналтириш вазифасини қўйди.

Президентимизнинг мустақиллик олди йилларидаги чиқишларида бу масала қайта-қайта кўтарилди.

Шўролар даврида кўп йиллар давомида жамият ёшларининг ғаройиботларга қизиқиши, интилишларидан ўз мақсадларида фойдаланиб келди, лекин уларнинг энг зарурий ҳаётий масалалари ҳал қилинмади.      Сўнгги йилларда ёшлар тарбияси унутиб қўйилган эди. Улар тарбияси билан боғлиқ барча ишларга қолган-қутган маблағлар сарфланди.

Ҳозирги даврдаги энг асосий вазифа ёшларнинг ижтимоий адолатга ишончини тиклашдан иборат. Мустақилликнинг дастлабки даврида, яъни 1991 йилнинг 20 ноябрида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари” Қонуни ёшлар манфаатларини ҳимоя қилишга,  уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун тегишли имкониятларни яратишга қаратилганини таъкидлаш жоиз. 1992 йил 2 июлда Республика Олий Кенгаши “Таълим тўғрисидаги қонун”ни қабул қилди. Ундан кўзда тутилган мақсад:

- Биринчидан, таълим соҳасида давлатимиз сиёсатининг асосий тамойилларини ишлаб чиқиш;

- Иккинчидан,  таълим тизими ва уни бошқариш йўлларини аниқлаш;

- Ҳамда учинчидан,  педагог-ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, бурч-масъулиятларини аниқлаш ва шу асосда янги  истиқбол талабларига жавоб берадиган таълим тизимини шакллантиришдан иборат эди.

1997 йилда “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва “Кадрлар тайёрлашнинг миллий дастури”, 2004 йил 19 февралда “Мактаб таълимини ривожлантиришнинг умуммиллий дастури”, 2010 йил 2 ноябр “Олий малакали илмий ва илмий педагогик кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент фармони тасдиқланди ва ҳаётга тадбиқ этилиши асосида таълим соҳасини ислоҳ қилиш дастури бу соҳада олиб борилган изчил сиёсатдан далолат беради. Мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини қуришнинг биз танлаган йўл - “Ўзбек модели” юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг таркибий қисми ҳисобланади.

Узоқ йиллар давомида вужудга келган эски таълим тизимини қайта қурмасдан, ислоҳ этмасдан, ёш авлод таълим-тарбияси бўйича ўз конситуцион асосларимизни ишлаб чиқмасдан туриб  мамлакатимиз тараққиётини амалга ошириш мумкин эмасди.

Мамлакатимиздаги таълим ислоҳотларининг пойдеворини умумий ўрта таянч таълими ҳамда “9+3” схемаси бўйича 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълимнинг жорий этилиши ташкил этади.

Бу уч йиллик бепул  таълим тизими 9 йиллик таълимдан сўнг 3 йил давомида академик лицейлар ва ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежларида таҳсил олиш, умумтаълим фанлари билан биргаликда меҳнат бозорида талаб қилинадиган мутахассисликлар бўйича касб-ҳунар эгаллашини назарда тутадики, бу ҳол ёшларнинг ҳаётда  ўз ўринларини эгаллаш имкониятларини беради. Дастур ривожланган мамлакатлар илғор тажрибаларини ўрганиш асосида,  айни вақтда замон талабларини ҳисобга  олган ҳолда ишлаб чиқилган замонавий таълим-тарбия  тизими мамлакатни изчил ва барқарор ривожлантиришнинг муҳим омили ҳисобланади. Таълим- тарбия соҳасида босқичма-босқич ва изчил амалга оширирилган ислоҳотларни муваффақияти жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилди.

2012 йилнинг 16-17 февралида Тошкентда бўлиб ўтган “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялашда мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг муҳим шарти” мавзусига бағишланган халқаро конференция иштирокчилари таълим тизимини Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ва ҳаётга муваффиқиятли тадбиқ этилган “Миллий таълим тизими” сифатида баҳоладилар ва тан олдилар ҳамда бу тажрибани ўрганиш лозим,  деган ҳулосага келдилар.

 2-БОБ: МУСТАҚИЛЛИКНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Ўзбекистоннинг шонли 24 мустақиллик йиллари даврида Президент Ислом Каримов раҳбарлигида давлат ва миллат манфаати йўлида собитқадамлик билан олиб борилган сиёсатни, мамлакатда демократик ва бозор иқтисодиёти билан боғлиқ кенг ислоҳотлар натижаларини, давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тутган муносиб ўрнини, ички ва ташқи сиёсатда эришган ютуқларимиз оламшумул аҳамиятга эга.

Бугун биз тарихан қисқа бўлган 24 мустақиллик йилларини ғурур ва ифтихор билан эслаймиз. Чунки, бугун мустабид тузум исканжасидан халос бўлиб, ким эдигу, ким бўлганимизни англаб, ўз қадр-қимматимиз, қадриятларимизни қайта тиклаб, иймон-эътиқодимизга суяниб, ягона халқ ва миллат бўлиб, тинч ва осойишта яшамоқдамиз. Чунки озод Ўзбекистон бугун жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб мақомига эга. Азиз она-юртимиз кучли ўзбек давлати ва очиқ демократик жамият қуриш йўлида олиб бораётган самарали ислоҳотлари билан, ўзининг мустақил ички ва ташқи сиёсати ҳамда эзгулик йўлидаги кенг қамровли бунёдкорлик ишлари билан дунё халқларининг ҳурмат-эътиборини, ҳавасини ўзига тортди.

Мустақиллик, истиқлол деган улуғ неъмат аввало халқимизга эркинлик ва озод ҳаётни берган, инсоний шаънимиз, миллий онгимиз, қадр-қимматимизни тиклаб, барчамизга ўзлигимизни англаш туйғусини, тилимиз, муқаддас динимизни, қадрият ва урф-одатларимизни қайтариб берган, Ватанимиз тарихида ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган буюк санадир.

Мустақиллик биз учун – бу ўз тақдиримизни қўлга олиб, юртимизнинг ер ости, ер усти бойликларига эга бўлиш, беқиёс моддий ва маҳнавий салоҳиятимизни амалга ошириш, жаҳон миқёсида ўзимизга муносиб ўрин эгаллаш демакдир.

Мустабид тузум қандай адолатсизлик, зулм ва зўравонлигини ўтказмасин, халқимиз ўзлигини, иймон-эҳтиқодини, дину диёнатини асло йўқотмади ва бошимизга қандай оғир ва машаққатли синовлар тушмасин, ўз қадр-қимматини юксак сақлаб келмоқда.

Мустақилликнинг ҳуқуқий асосларига назар ташласак, 1991 йилдан бошлаб қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистоннинг гуллаб яшнашига хизмат қилиб келмоқда.

Масалан, 1991 йил 31 августда Тошкентда Республика Олий Кенгашининг Навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги эълон қилинди. Олий Кенгашнинг республика давлат мустақиллиги тўғрисидаги Баёноти қабул қилинди. Тегишли қарорга мувофиқ Ўзбекистон ССР Ўзбекистон Республикаси деб қайта номланди.

1 сентябр - Мустақиллик куни деб эълон қилинди. Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги аосослари тўғрисидаги Қонун қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов "Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилиниши муносабати билан афв этиш тўғрисида" Фармон чиқарди. 18 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тасдиқланди.

29 декабрда Республиканинг давлат мустақиллиги масаласи бўйича Референдум ва Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловлар бўлиб ўтди. Халқ бир йўлни танлади: Ўзбекистон мустақил бўлди. Унинг Президенти этиб Ислом Абдуғаниевич Каримов сайланди.

1992 йил 3 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг "1992 йилда Ўзбекистон Республикасининг истеъмол бозорини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қарори эълон қилинди.

8 январда Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикаси маҳаллий ҳокимият органларини қайта ташкил этиш тўғрисида"ги ва "Ўзбекистон Республикасида давлат ёшлар сиёсати асослари тўғрисида"ги Қонунлари эълон қилинди. 21 февралда  Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов "Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигини ташкил этиш тўғрисида" Фармон чиқарди.

24 март. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов "Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган чегара қўшинлари бўлинмалари тўғрисида" Фармон чиқарди. 2 июлда Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Х сессиясида тасдиқланган "Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида"ги Қонунини эълон қилинди. 3 июлда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов "Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлигини - Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига айлантириш тўғрисида" Фармон чиқарди. 16 июлдаЎзбекистон Республикасининг Республика Олий Кенгаши Х сессиясида қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида байрам кунлари тўғрисида"ги Қонуни эълон қилинди. 6 августдаЎзбекистон Республикасининг Республика Олий Кенгаши Х сессиясида қабул қилинган "Мудофаа тўғрисида"ги Қонуни эълон қилинди. 25 августда Ўзбекистон Республикасининг "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги Қонуни эълон қилинди. 9 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Сессиясида қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиш тўғрисида"ги ва "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун - 8 декабрни умумхалқ байрами деб эълон қилиш тўғрисида"ги Қонунлари эълон қилинди.

1993 йил 2 март да  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси "Наврўз умумхалқ байрамини нишонлаш тўғрисида" Қарор қабул қилди.

4 мартда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг "Ўзбекистон Республикаси "Соғлом авлод учун" орденини таъсис этиш тўғрисида"ги Фармони эълон қилинди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёш авлод соғлиғини мустаҳкамлаш, уни маънавий, аҳлоқий, жисмоний жиҳатдан тарбиялаш, унга ўз Ватани - Ўзбекистонга бўлган меҳр-муҳаббат ва ватанпарварлик туйғусини сингдириш, шунингдек, болалар фаровонлиги йўлида меҳр-мурувват фаолиятини авж олдиришда фаол иштирок этишдаги алоҳида хизматларни рағбатлантириш мақсадида шу орден таъсис этилди.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар мустақил Ўзбекистон ривожланиши учун ҳуқуқий замин яратди.

Ҳар қандай давлат, ҳар қандай жамият ўз мустақиллигининг дастлабки босқичида ўз тараққиёт йўлини танлаб олар экан, бу йўл албатта унинг келажагини, ушбу давлат, унда истиқомат қиладиган ҳар бир инсон ҳамда инсонлар тақдирини белгилашда муҳим ва ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Ўзбекистон давлати ўз мустақиллигининг йигирма тўрт йили мобайнида эришган ютуқлари ва марралари билан ҳеч муболағасиз ўз мустақил тараққиёт йўлидан собитқадамлик билан барқарор ривожланаётган келажаги буюк давлат эканлигини бугун нафақат бу жаннатмакон юртда яшаётган ҳар бир инсон, балки бошқа ривожланган, ривожланаётган давлатлар, халқаро жамоатчилик ҳам ҳайрат ва ҳавас билан эътироф этмоқда.

Дарҳақиқат, бундай муваффақиятли тараққиёт одимларига аввало мамлакатимиз давлат мустақиллигига эришгани энг муҳим пойдевор бўлибгина қолмасдан, балки иқтисодиётнинг барча жабҳаларида тарихан қисқа вақт мобайнида янгидан-янги ривожланиш суръатларига эришишга мустаҳкам замин яратди. Хусусан, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, иқтисодий имкониятлар ва қўлай иқтисодий ҳамда ишбилармонлик муҳити яратилаётганлиги ҳам мустақиллик неъматларидан бири сифатида эъзозланади, қадр топади.

Бу ҳақда гапирганда, мамлакатимиз Президенти И.А.Каримовнинг "Мустақиллик — бу аввало ҳуқуқдир. Яъни, ҳар қайси халқ ва жамиятнинг ўз кучи ва қудратига суяниб, ота-боболарининг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқариш, ўзи истаган тарзда ҳаёт қуриш, ҳеч кимга қарам ва тобе бўлмай яшаш ҳуқуқидир", деган фикрлари нақадар ҳаётий ва ушбу тушунчанинг умумназарий асосларини тўла қамраб олганлигига яна бир карра амин бўламиз. Умуман, "мустақиллик" тушунчасининг мазмун-моҳиятига теран назар ташлайдиган бўлсак, ушбу ибора давлатнинг ички ҳамда ташқи ишларда бошқа давлатларга қарам бўлмай фаолият кўрсатиши билан изоҳланади. Мазкур тушунчанинг туб моҳияти яна шу билан ҳам белгиланадики, унга риоя қилиш ҳозирги замон халқаро ҳуқуқининг асосий вазифасидир.

Маълум бўлганидек, мустақилликни аввало ҳуқуқ билан ўзвий боғлиқлиги нафақат миллий, балки умумэҳтироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари билан ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Зеро, шахс-жамият-давлат деб ном олган ўзаро "занжир"ли ижтимоий муносабатларда қонун устуворлиги таъминланиши инсоннинг ўз қадр-қиммати, ор-номуси ва ғурурини англашига, унинг ўз ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишига хизмат қиладики, буларнинг негизида мустақиллик деб аталган буюк неъмат борлигини ҳамма ҳам бирдек англаб етишга қодир бўлиши лозим. Чунки, Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришганидан сўнг ҳали ўз Конституциясини қабул қилмасидан туриб, 1992 йил 2 июлда дунёнинг энг обрўли халқаро ташкилоти — Бирлашган Миллатлар Ташкилотга аъзо бўлиши, шунингдек, умумэътироф этилган халқаро тамойиллар ҳамда қоидалар (Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро Пакт, Хабеас корпус акти ва ҳ.к.)нинг тан олиниши, кейинчалик 1992 йил 8 декабрь куни Бош Қомусимизнинг қабул қилиниши ва бошқа давлатимиз истиқлол солномаларида олтин ҳарфлар билан битилган тарихий воқеалар айни кунда ва келажакда шу юртда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият эканлигига мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилди ва хизмат қилмоқда.

Бунинг исботини эса айни кунда энг муҳим масала — юртимизда яшаётган ҳар бир инсон ва фуқаро, айниқса ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятининг шаклланиб ҳамда юксалиб бораётганлигида ҳам кўриш мумкин.

Жиноий-ҳуқуқий соҳадаги сиёсатни такомиллаштириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар, хусусан, 2001 йилда “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши улкан ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этди.

Мамлакатимизда 2008 йилнинг январидан бошлаб ўлим жазосининг бекор қилинганлиги ҳамда “Хабеас корпус” институтининг жорий этилганлиги, яъни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи прокурордан судга ўтказилганлиги суд-ҳуқуқ соҳасида ташланган муҳим қадам бўлди.

Чунончи, жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши натижасида Ўзбекистонда ҳозирги кунда қамоқдагилар сони жаҳон миқёсида энг паст кўрсаткичларни ташкил этмоқда. Сўнгги 10 йилда озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган маҳбуслар сони икки баробардан кўпроқ камайганининг ўзи ҳам бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотларимизнинг ижобий натижалар бераётганидан далолатдир.

Жиноятлар таснифи ўзгартирилиши муносабати билан оғир ва ўта оғир тоифадаги жиноятларнинг 75 фоизи ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилгани, озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига жарима шаклидаги иқтисодий санкцияни қўллаш имконияти кенгайганини қайд этар экан, Юртбошимиз “Айтиш керакки, жазо тизимини либераллаштириш бўйича амалга оширилган бундай чора-тадбирларнинг нақадар тўғри бўлганини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда. Ишончим комил, хўжалик ишлари билан боғлиқ жиноий ишлар бўйича одамларни қамаш шарт эмас – бу давлатга жуда қимматга тушади, қолаверса, бундай жазо тури маҳкумларни тарбиялаш ва қайта тарбиялаш вазифасини ҳал қилмайди”, деб таъкидлайди.

Айни мустақиллик туфайли мамлакатимиз миллий ҳуқуқ тизими шаклланиб, давлат ва жамият аҳамиятига молик қонунлар ва қонун ости ҳужжатларининг қабул қилиниши, шу билан бирга, тараққиётнинг бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, амалдаги қонунларга тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилаётганлиги ҳам юқоридаги фикрларнинг яққол тасдиғидир. Бинобарин, амалдаги мавжуд қонунлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ўзаро боғлиқлиги, ушбу қонунларнинг ижросини таъминлашга муҳим асос бўлиб хизмат қилаётган миллий ҳуқуқ тизими эса ўз навбатида суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бугунги кунда самарали тарзда амалга оширилишини таъминламоқда. Буни бир қанча мисоллар билан ҳам таъкидлаш мумкин. Хусусан, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари юзасидан мурожаатлари сонининг йил сайин ортиб бораётганлиги, судларда ярашув институти жорий этилганлиги туфайли низоли ишларни ҳал этишнинг инсонпарварлик тамойиллари янада қарор топаётганлиги, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилганлиги, амалдаги жиноят қонунида босқичма-босқич тарзда жиноий жазоларнинг либераллашуви каби шу ва бошқа чора-тадбирлар туфайли мустақил давлатимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар барча фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари амалда таъминланаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Бугунги кунда, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида жиноий жазо сифатида ўлим жазосини қўллаш соҳасини босқичма-босқич қисқартириш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси алоҳида қизиқиш уйғотади. Чунончи, 1994 йили Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси қабул қилинишида мамлакатдаги криминоген вазият инобатга олиниб, кодекснинг 13 та моддасида мазкур турдаги жазо чораси сақлаб қолинган бўлса, 1998 йилда 8 тага, 2001 йилда 4 тага, 2003 йилда 2 тага қисқартирилди ва фақат жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ва терроризм жиноятлари учунгина қўлланилиши назарда тутилди.

Давлатимиз раҳбари И.А, Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2005 йил 28 январдаги қўшма мажлисида суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш борасида яна бир муҳим масала, бу — жазолаш тизимидан ўлим жазосини чиқариб ташлаш таклифини илгари сурди ва 2005 йил 1 август куни "Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида"ги Фармонга имзо чекди.

Албатта, бу Фармон қабул қилингунига қадар ўлим жазоси тайинланиши назарда тутилган жиноят таркиблари қисқартирилиб борилиши билан бир қаторда, миллий қонунчилигимизда жуда катта ўзгартишлар амалга оширилди. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24-моддасида яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи эканлиги, инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят ҳисобланиши қатҳий белгилаб қўйилди. Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури қабул қилинди.

Асосий Қонунимизга мос равишда либераллаштириб борилган Жиноят кодексидан дастлаб инсоний фазилатларга хос бўлмаган сургун, бадарға каби жазо чоралари чиқариб ташланган бўлса, ислоҳотларнинг кейинги босқичида жиноятлар таснифига ўзгартиришлар киритилиб, 87 та жиноят таркиби бўйича санкциялар енгиллаштирилди, уларнинг 26 тасидан қамоқ ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо чоралари чиқариб ташланди. Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тоифаси 86 тадан 196 тага кўпайди. Шунга мутаносиб равишда оғир ва ўта оғир жиноятлар туркуми камайди. Аёлларга ва 60 ёшдан ошган эркакларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо турининг энг кўп муддати муайян энг кўп муддатнинг тўртдан уч қисмидан ортиқ бўлмаслиги қайд этилди. Мол-мулкни мусодара қилиш жазо тизимидан чиқариб ташланди.

Шунингдек, жиноят қонунчилигида ярашув институтининг жорий қилинганлиги қадриятларимизга мос, менталитетимизга хос бўлган оламшумул янгилик бўлди. 2001 йилдан бошлаб нафақат давлатнинг, балки ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилган шахс ёки унинг қариндошлари томонидан етказилган зарарнинг ўрни қопланган тақдирда, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланмаслиги қонунда қатъий белгилаб қўйилганлиги диққатга сазовор.

Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида жиноий жавобгарлик қўлланилмаган.

Фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида суд ишларини апелляция тарзида кўриб чиқиш институти жорий этилди, кассация инстанциясининг ваколатлари кенгайтирилди, тергов-суриштирув ва кишиларни ҳибсда сақлаш муддатлари сезиларли даражада қисқартирилди ҳамда ишларни судда кўриб чиқишнинг қатъий муддатлари белгиланди.

Фуқаролик ва жиноят ишларини кўришнинг апелляция тартиби жорий қилиниши ортиқча сансалорликсиз, биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хатолар ўз вақтида тузатилишини, иш юзасидан қонуний қарор қабул қилинишини таъминламоқда. Агар 2000 йилда суд хатоларининг деярли ярми назорат тартибида тузатилган бўлса, ҳозирги кунда бундай ҳолатларнинг 85 фоиздан ортиғи апелляция ва кассация тартибида бартараф этилмоқда.

Бугунги кунда қонунчилик нормаларига зарур ўзгаришлар киритилгани туфайли барча инстанциядаги суд жараёнларида тортишув тамойили, яъни прокурор ва адвокат ҳуқуқларининг тенглиги амалда таъминланмоқда.

Маълумки, халқимиз савдо-сотиқ, деҳқончилик, чорвачилик ва миллий ҳунармандчиликнинг хилма-хил турлари билан асрлар давомида шуғулланиб келган. Аммо собиқ шўро тузуми даврида бу касблар билан хусусий тартибда фаолият юритиш тақиқланган. Ўша даврда амалда бўлган Жиноят кодексида “Хусусий соҳибкорлик билан шуғулланиш”, “Спекуляция”, “Чорва ва парранда боқиш учун нон ва ғалла маҳсулотлари сотиб олиш”, “Савдо ишларида воситачилик қилиш”, “Тақиқланган касб билан шуғулланиш” каби ҳаракатлар жиноят деб баҳоланиб, бу касб билан шуғулланган шахс муқаррар жиноий жавобгарликка тортилган. Шуни мамнуният билан таҳкидлаш керакки, мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ жиноят қонунчилигидан ушбу моддалар чиқариб ташланди. Мамлакатимиз иқтисодиётида таркибий ўзгаришлар амалга оширилиб, бозор муносабатлари шароитида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Таъкидлаш жоизки, ўлим жазосининг бекор қилиниши нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий, сиёсий масала ҳисобланади. Чунки у демократия ва инсонпарварлик ғояларига жавоб берувчи фуқаролик жамиятини қуриш билан боғлиқдир. Инсоният ўлим жазоси жиноятчиликни тўхтатишга қодир эмаслигини, аксинча ҳар қандай зўрлик янада каттароқ зўрликка сабаб бўлишини ўз тажрибасида тушуниб етмоқда. Дунёда ҳам ўлим жазосининг инсон ҳуқуқлари ва демократия ғояларига зид эканлигига оид қарашлар тобора устун хусусиятга эга бўлиб бормоқда.

Ўлим жазоси фақатгина мустақил ва кучли давлатчиликка, барқарор ҳокимиятга, ривожланган ҳуқуқий маданият қадриятларига ва мустаҳкам ҳуқуқий тизимга эга бўлган мамлакатдагина бекор бўлиши мумкин. Унинг бекор қилиниши давлатимизнинг жиноятга оид сиёсати жаҳонда бу борадаги анҳаналарга содиқлигидан далолат беради, ҳаётимизда инсонпарварлик ва одиллик тамойилларининг тобора мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.

Мамлакатимизда халқаро ҳуқуқнинг бу каби қоидаларини тан олиш ва ушбу меъёрларни миллий қонун ҳужжатларига сингдиришга эътибор қаратиб келинмоқда. Зеро, дунёвий ривожланиш йўлидан бораётган жамиятимизда демократик қарашлар шарқона турмуш тарзи, миллий менталитет ва қадриятлар руҳига уйғун ҳолатда баҳоланиши табиий ҳол саналади.

Суд-ҳуқуқ тизимида кечаётган изчил ислоҳотлар мамлакатимизда фаолият юритаётган барча ҳуқуқшунослар қаторида судья ва суд ходимлари дунёқараши ва тафаккурида туб янгиланиш ҳамда ўзгариш ясаганлиги бугунги кунда оддий ҳақиқатдир.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларда оммавий ахборот воситалари ҳам алоҳида ўрин тутади. Демократик мамлакатларда бу масалага катта эътибор берилади. Уларда одил судловнинг транспарентлиги деган тушунча мавжуд. Транспарентлик деганда очиқлик, суд фаолиятининг ошкоралиги тушунилади. Кенг жамоатчилик нафақат одил судловнинг, суд ҳокимиятининг мавжудлигини билиши, балки унинг ишини кўришлари, доимо кузатиб боришлари,  лозим бўлганда иштирок этишлари керак. Одил судловнинг транспарентлиги шунчаки истак эмас,     халқаро ҳужжатларда белгиланган талабдир. Бу вазифани фақат оммавий ахборот воситалари орқали амалга ошириш мумкин.

3-БОБ: ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ СТРАТЕГИЯСИ– БАРҚАРОР ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ

ТАРАҚҚИЁТИМИЗ ТАЯНЧИ

Ўзбекистон тарихий мезонларга кўра қисқа

муддат бўлган 15-20 йил давомида бизнинг бош

мақсадимиз – дунёдаги ривожланган демократик

давлатлар қаторига кириш ва мамлакатимиз

аҳолиси учун муносиб ҳаёт шароити ва

сифатини яратиш йўлида ғоят улкан қадам қўйди.

Ислом КАРИМОВ

  Ўтган 24 йил мобайнида биз қандай улкан ривожланиш йўлини босиб ўтганимизни ўйласак, аввало: «Ким эдигу ким бўлдик?» - деган ҳаётий саволга жавоб излаймиз. Аммо кўнгил бунинг ўзи билангина таскин топмайди, чунки табиий равишда: «Эртага қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?» - деган ўйлар ўтади ҳаёлимиздан.          Бежиз эмаски, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов яқингинада «Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига» касб байрами муносабати билан йўллаган табригида айнан:  «Биз кеча ким эдиг-у, бугун ким бўлдик, эртага қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?» - деган даъват, авваламбор, ҳеч кимдан кам бўлмасдан, доимо ҳаётнинг олдинги сафларида бўлишга интилиб яшайдиган сиз, ҳурматли матбуот аҳлига даҳлдор эканини барчангиз яхши тушунасиз»,  - деди.

  Шуни эсдан чиқармаслигимиз керакки, биз дунёдаги тарихан буюк тараққиёт босқичларини босиб ўтган халқмиз. Араб босқинига қадар ҳам бу кўҳна юртимизда жуда катта ривожланиш юз берган. Камида араб истилосидан кейинги IX - XII, мўғул босқинидан сўнг бўй кўрсатган XIV - XV асрлар тамаддуни (цивилизацияси) даражасини кўз олдимизга келтирайлик. Бу икки даврда халқимиз тараққиётда дунёнинг олди ўринларидан бирини эгаллаб турган. Аммо XVI асрдан эътиборан юртимизда таназзул юз бера бошлади. Бу борган сари чуқурлашди. Охири юртимизнинг чор Россияси томонидан жуда осонлик билан босиб олинишига олиб келди. Қарийб бир ярим асрга чўзилган истибдод даврида Ўзбекистонимиз қандай оғир аҳволга тушиб қолгани, халқнинг руҳи топталгани, қадди букилганини тасаввурга келтириш қийин эмас.

Биринчидан, халқ сиёсий жиҳатдан ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқидан тамоман маҳрум қилиб ташланди. У ҳамма масалада ўша муҳитнинг қошу қовоғига қараб иш кўришга мажбур этилди.

Иккинчидан,  иқтисодий жиҳатдан республикамиз бир ёқлама ривожланган, асосан, пахта хомашёси етказиб беришга мослаштирилган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган бир ўлкага айланиб қолган эди. Чунки иқтисодиётнинг «олтин» қоидаси шуки, ҳеч қачон хомашё сотган бой бўлмайди. Ўзбекистонимизда ўша йиллари етиштирилган 5 миллион тоннадан ортиқ пахтанинг атиги 8-10 фоизигина ўзимизда қайта ишланган, қолган қисми олиб кетилган ва асосий фойда тайёр хомашёни қайта ишлаган бегона ҳудудларга келиб тушган.

Вазиятни тўла-тўкис кўз олдимизга келтириш учун Ислом Каримов томонидан 1990 йил 4 июнида қайд этиб ўтилган мана бу маълумотларга диққат қилайлик: «...Республика барча асосий иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичлар бўйича Иттифоқдаги ўртача даражадан ҳам анча орқада бўлиб, мамлакатда охирги ўринлардан бирида турибди. ...Ҳар киши бошига ялпи ижтимоий маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича мамлакатда 12-ўринда турибди, аҳоли жон бошига миллий даромад ишлаб чиқариш бўйича кўрсаткич эса Иттифоқдаги ўртача даражадан икки ҳисса паст. Саноатдаги меҳнат унумдорлиги жиҳатидан республика мамлакатдан 40 фоиз, қишлоқ хўжалигидаги меҳнат унумдорлиги жиҳатидан эса икки баробар орқада қолмоқда.         Республикада аҳоли жон бошига халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ўртача Иттифоқ даражасининг атиги 40 фоизини ташкил этади.  Биз даромад даражаси, асосий турдаги маҳсулотлари истеъмол

қилиш жиҳатидан иттифоқдош республикалар орасида энг охирги ўринлардан бирида турибмиз.

Ўзбекистон аҳолиси ўрта ҳисобда гўшт маҳсулотларини, сут ва сут маҳсулотларини, туҳумни, умуман, мамлакат аҳолисига нисбатан икки баробар кам истеъмол қилмоқда. Ойига ўрта ҳисобда 75 сўмдан камроқ  ялпи даромад оладиган аҳолининг улуши мамлакатда 12 фоиздан сал кўпроқ бўлса, бизнинг республикамизда 45 фоизга боради. Бир миллионга яқин киши ижтимоий ишлаб чиқаришда  ўзининг қўлидан келадиган ишни топа олмаяпти».

Учинчидан,  халқнинг миллий маънавиятига болта урилди. Республикада аҳолининг тўртдан уч қисмини ўзбеклар ташкил этиши, қардош миллатлар вакилларидан иборат яна 15 фоиз аҳоли ўзбек тилини яхши билишига қарамай, ўзбек тили Ўзбекистонда давлат тили эмас эди. Хатто, ўзбек тили ва адабиёти ҳақидаги диссертациялар ҳам рус тилида ёзилиб, ёқланар эди. Шўро даврида миллат, аввал арабий, кейин лотин, ундан сўнг эса кирилл ёзуви асосидаги алифболарда савод чиқаришга мажбур қилинди. Мақсад – халкни ўз ўзанларидан маҳрум этиш, меросидан айириб қўйиш, шу тариқа унга тарихини унуттириш эди. Муқаддас динимиз бадном қилинди, у билан боғлиқ барча қадриятларимиз, зиёратгоҳ ва қадамжоларимиз топталди. Холбуки, ҳар бир халқ ўз тарихий илдизларига суянган ҳолда равнақ топади. Ниҳоят Мустақиллик шарофати билан республикамиз иқтисодиёти қарийб 5 баробар ўсди. Бу эса аввало, аҳолининг ялпи реал даромадларининг кўпайишига олиб келди. Бу кўрсаткич жон бошига 8,2 карра ошди. Сўнгги 10 йил мобайнида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 8 фоиздан кам бўлмасдан келмоқда. Ялпи ички маҳсулот таркибида саноатнинг улуши 2000 йилда 14,2 фоизга тенг бўлган бўлса, ҳозирги кунда ушбу кўрсаткич 24,2 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда.

Автомобилсозлик, моторсозлик ва уларга бутловчи қисмлар тайёрлайдиган соҳаларга, нефть ва газни қайта ишлайдиган, фармацевтика маҳсулотлари, замонавий телевизор ва компьютерлар ишлаб чиқарадиган янги-янги саноат тармоқларига асос солинди.

Бугунги кунда ҳар учта оиланинг биттаси - енгил автомобилга эга, ҳар 100 та оилага ўртача 80 та холодильник, 146 та телевизор тўғри келяпти.

Бундай ютуқларнинг адоғи йўк. Хўш, уларга нималар эвазига эришдик?

Аввало, оқилона олиб борилган сиёсат туфайли Ўзбекистонимиз саноати тез суръатлар билан ўсиб, иқтисодий қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган замонавий давлатга айланди.

2011 йили Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида Тошкент ва Самарканд шаҳарлари ўртасида юксак технологияли, юқори тезликда ҳаракатланувчи «Afrosiyob» электрпоезди қатнови йўлга қўйилди. Дастлаб, фақат чоршанба ва шанба кунлари қатнаган мазкур поезд кейинчалик ҳар куни юрадиган бўлди. 215 йўловчини ташиш имконига эга бу поезд 2 соатда манзилга етади. Ҳозир ҳар куни 2 та поезд шу маршрут бўйича юряпти. 2015 йил август ойидан бошлаб худди ана шундай тезюрар поезд Тошкент - Қарши йўналишига қўйилмоқда. Энди Тошкентдан Қаршига 3 соатда етиб боришимиз мумкин. Бу замонавий тезюрар электропоезд ҳаракатини Бухорога ҳам олиб бориш учун катта тайёргарлик ишлари олиб бориляпти.

Истиқлол йилларида Ўзбекистонда уч буюк йўл қурилди. Биринчиси - Фарғона водийсини Тошкент вилояти ва шу орқали мамлакатнинг бошқа минтақалари билан боғлайдиган Қамчиқ довони.      1998 йили бошланиб, қиска бир муддатларда фойдаланишга топширилган бу улкан йўлнинг қурилиши - мамлакатимиз учун стратегик аҳамиятга эга. Шу тариқа мамлакатимиз орқали автомобиль йўли билан Хитойгача бориш учун зўр имконият очилди.

Фарғона водийси мамлакатимизнинг энг сўлим гўшаларидан бири. Чор атрофи тоғ билан ўралган бу ҳудудда Ўзбекистонимизнинг уч (Андижон, Наманган, Фарғона), Қирғизистоннинг икки (Жалолобод, Ўш) ва Тожикистоннинг бир (Сўғд) вилояти жойлашган. Водийни тоғлар ҳар тарафдан ўраб олган. Фақат бир жойда - Бекобод тарафда табиий «дарвоза» бор. Сирдарё дарёси ҳам шу ердан оқиб келади. Темир йўл ва автомобиль магистраль йўли ҳам шу очиқликдан ўтган. Айнан ана шу табиий шароитни ҳисобга олиб, Заҳириддин Мухаммад Бобур ўша XV - XVI асрлардаёқ бу водийни қиш маҳаллари ёғий (душман) босолмаслигини ёзиб кетган. Чунки тоғларга қор тушгандан кейин у ёққа ўтиб бўлмай қолади-да.

Фарғона водийсидаги уч вилоятимизда мамлакатимизнинг қарийб 10 миллион кишидан иборат аҳолиси яшайди. Эскидан мавжуд Қамчиқ довонининг илон изи йўлларидан қиш маҳаллари ҳам ёз пайтлари ҳам бу тор йўлдан транспортнинг бугунги талаблар даражасидаги катта оқими учун ҳеч қандай имкон йўқ эди. Тожикистон орқали ўтган катта йўл билан юришга эса биринчидан, узоқ масофани айланишга тўғри келар, иккинчидан, бу қўшни мамлакат яқин-яқинларгача тинч эмас, учинчидан, бир мамлакат ичида қўшни минтақага иккинчи бир ҳамсоя давлат ҳудуди орқали юриш ҳар тарафлама қимматга тушар эди.

Шу маънода, давлат ҳудудий яхлитлигини таъминлаш борасида Ўзбекистон мустақиллик йилларида бунёд этган энг буюк қурилиш Қамчиқ довони  бўлди, деб баралла айта оламиз. Бу стратегик аҳамиятга эга буюк иншоот ҳисобланади. Қоялар кесилиб, йўл кенгайтирилди, баланд тоғлар устида жойлашган магистраль пастроқдан ўтказилди, жами узунлиги 25 км бўлган туннель қазилди.

Ёш, энди қаддини ростлаб олаётган бир миллий давлат учун бу нақадар катта ютуқ эканини бугун барча тушуниб етмоқда.

Биринчидан, бу водийда яшаётган аҳоли мамлакатимизнинг бошқа минтақалари билан осон боғланди, юк ташиш, етиштирган маҳсулотлар, жумладан, Асакада яратилаётган автомобилларни олиб чиқиш учун қулай имкониятга эга бўлди. Иккинчидан, водийдаги ишлаб чиқариш корхоналари хомашё билан таъминланяпти, айниқса, Фарғона ва Олтиариқ нефтни қайта ишлаш заводларига Ангрендан катта-катта махсус машиналарда кечаю кундуз нефть хомашёси ташиляпти.

Шу тариқа мамлакатнинг шарқи коммуникатив жиҳатдан мустахкамланди. 2016 йилга бориб ана шу Қамчиқ довони бўйлаб замонавий темир йўл ишга туширилади. Ҳозирги пайтда бу ерда кечасию кундузи қизғин иш кетяпти. Ангрендан Поп, Попдан эса Ангрен томонга қараб қурилиш давом эттириляпти. Бунёд этилаётган янги темир йўл кун сайингина эмас, соат сайин бир-бирига яқинлашиб, масофа тобора қисқариб келяпти.

Ўзбекистонимизнинг шимолида жойлашган икки минтақамиз - Қорақалпоғистон Республикаси билан Хоразм вилояти ҳам маълум даражада узилиб қолган эди. Чунки у ёққа борадиган темир йўл Туркманистон ҳудудидан ўтар, Бухоро вилоятидан чиққанидан кейин қўшни давлат чўллари узра нақ бир кун юрар эди. Аввало, вақтдан ютқазилар, қолаверса, ҳар бир вагон учун бож тўланар эди.

2001 йилнинг охирига келиб умумий узунлиги 633 километрни ташкил қиладиган Навоий - Учқудуқ – Султонвайстоғ – Нукус  темир йўли ишга туширилди. Аввало, масофадан ютдик, йўлга кетадиган вақт 6 соатга қисқарди. Бундан ташқари, шу янги йўл ёқалаб ҳаёт жонланди.

Қашқадарё билан Сурхондарё вилоятлари - ўзаро қўшни. Бироқ Қаршидан Термизга бориш учун поезд Туркманистон қудудида соатлаб юриши керак эди. 2007 йилнинг августида жами 223 километрни ташкил этган  Тошгузар - Бойсун - Қумқўрғон темир йўли

ишга туширилди.

Президент Ислом Каримов 2007 йилнинг 30 августидаги маърузасида «юртимизда транспорт коммуникация тизимини ривожлантириш масаласига ҳам республикамизни жадал тараққий топтиришнинг асосий шарти ва мезони сифатида катта аҳамият берилаётгани»ни биз санаб уўган шу уч буюк йўлнинг «бу борадаги ўрни ва аҳамияти қанчалик беқиёс эканини» алоҳида қайд этди.

Таъкидландики: «Бу йўллар мамлакатимизнинг барча ҳудудларини ягона транспорт тармоғига ишончли тарзда бирлаштириб, минтақаларимизда мавжуд бўлган бой минерал хомашё ва табиий ресурсларни ўзлаштириш учун кенг имкониятлар яратди».

Биз эришаётган ютуқларни дунё кўриб, билиб турибди. Кейинги йилларда Ўзбекистонимизда долзарб ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий мавзуларда халқаро конференциялар ўтказиш яхши анъанага айланди.

Мамлакатимизда Президент Ислом Каримов ишлаб чиққан демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини ўрганиш, шунингдек, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини демократлаштириш бўйича чуқур ва изчил ислоҳотлар амалга ошириляпти. 2011 йилнинг 22 – 23 апрель кунлари Тошкентда бу борада Ўзбекистон тажрибасини

ҳамда мамлакатимизни ривожлантиришнинг янги босқичига оид вазифаларни амалга ошириш юксак самарадорлигини ўрганишга бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда 46 мамлакат ҳамда кўплаб нуфузли халкаро ташкилотларнинг 200 дан ортиқ вакили иштирок этди.

Республикамизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида иқтисодиётда юқори барқарор ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий мутаносибликка эришилди. Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот 2005 йилдан кейин 7% дан кам ўсгани йўқ. Жумладан, 2010 йилдан сўнг 8% дан ошиқ ўсишга эришилмоқда.

Мамлакат иқтисодиётини жадал ривожлантиришда солиқ юки катта аҳамият касб қилади. Шуни назарга олган ҳолда, солиқ юки мунтазам пасайтириб келинмоқда. Жумладан, у кичик бизнес учун 2008 йил ўртача 23,8% ни ташкил этган бўлса, 2013 йилга келиб, у 20,5% ни ташкил этди.

Республикамизда 2005 йилдан бошлаб давлат бюджети ялпи ички

маҳсулотга нисбатан 0,1 % профицит билан ижро этилган бўлса, 2014 йилга келиб,  у 0,2 % билан ижро этилди. Мазкур ҳолат ижтимоий йўналтирилган бюджетнинг тўлиқ амал қилишига тегишли шароит яратмоқда.

Аҳоли даромадларининг ўсиши хизмат кўрсатиш соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушининг ошишига, шунингдек, мамлакатда нафақат иқтисодий соҳадаги, балки барча жабҳалардаги ислоҳотлар суръати тезлашишига хизмат қилади. Бунинг исботи сифатида биргина 2014 йилда халқимизнинг реал даромадлари 10,2 %га ошганлигини, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендиялар миқдори ўртача 23,2 %га кўпайганлигини келтиришимиз мумкин. Мамлакатимизда аҳоли даромадлари таркибида тадбиркорлик фаолиятидан олинаётган даромадлар улуши тобора ортиб бормоқда. Мустакиллик йилларида бу борадаги кўрсаткич 10,6 фоиздан 52 фоизга ўсди. Бу Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир. Ҳозирда Ўзбекистонда даромадлар даражаси бўйича аҳолининг кескин табақаланиш ҳолати мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидлаш лозим. Энг кўп ва энг кам даромад оладиган аҳоли ўртасидаги фарқ 2000 йилдаги 53,3 баробардан бугунги кунда 7,8 баробарга тушди. Бу ўринда жамиятда ижтимоий барқарорликнинг мезони ҳисобланган бу кўрсаткич халқаро меъёрларга кўра, 10 баробар қилиб белгиланган.

Кейинги вақтларда Ўзбекистон эришаётган барқарор ютуқ ва марралар дунёни мафтун қилаётир. Биргина «Жаҳон иқтисодий форуми» (ЖИФ) каби дунё эътирофидаги ташкилот эълон қилган рейтингни олайлик. ЖИФ ташкилоти кейинги уч йилда иқтисодиёти энг тез ривожланаётган давлатлар рўйхатини эълон қилди. Ўзбекистон рўйхатнинг бошида 5 ўринда турибди. Бу рақамни ўқиган, эшитган ҳар бир ўзбекистонликнинг юраги хапқириб кетмайдими? Шодликдан «Ўзбекистооооон!», деб қийқириб юборса арзимайдими?

Узоқдан бизни кузатиб турган илмий марказлардан яна бир ҳушхабар тарқалди: Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АКТПнинг Колумбия университети олимлари 158 та мамлакатга бориб, ижтимоий тадқиқотлар ўтказишган. Тадқиқотлар асосида эълон қилинган «Бутунжаҳон бахт индекси»да Ўзбекистонимиз 158 мамлакат ўртасида 44-поғонани эгаллади. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида 1-ўринни эгаллагани тан олинди.

Юқорида номи зикр этилган қарорда рақамлар тилга кирган. Энг қувончлиси(!) бу ўжар рақамлардан кейин «баробар ошди», «кўпайди», «кўтарилди», «ўсди» деган сўзлар жуда кўп учрайди.       Масалан, «5,5 баробардан кўпроқ ўсган»; «қарийиб 9 баробар ошган»;  «65 млрд доллардан ортиқ хорижий сармоя жалб этилган»; «4 карра кўпайган»; «4 марта ўсган» каби рақамлар қад кериб турибди. Бу - халқимизнинг ойлаб, йиллаб қилган меҳнати натижаларининг рақамлар ойинасидаги акси эмасми?!

Бу рақамлар ҳар биримиз таъсирини сезаётган ютуқ, фаровонлик

ва яхшиликларнинг ўлчови эмасми?! Шунинг учун бу рақамларни мустақиллигимизни шарафлаб сўзлаётган, йўк, куйлаётган рақамлар дегингиз келади.

Иқтисодиёт соҳасидаги ютуқларимизни мустаҳкамлаш учун 2015 йил учун мўлжалланган иқтисодий дастурнинг муҳим вазифалари ва устувор йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланди:

Биринчидан, жаҳон бозорида кенг рақобатлаша оладиган ва кейинги босқичда иқтисодий ўсишнинг, иқтисодиётни янада модернизация ва диверсификация қилишнинг локомотивига айланиши мумкин бўлган тармоқ ва корхоналарни жадал ривожлантириш ҳамда аниқ йўналтирилган ҳолда қўллаб-қувватлашни таъминлаш;

Иккинчидан, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида ушбу соҳага тўлиқ эркинлик бериш, бу йўлда ғов бўлиб турган барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш;

Учинчидан, иқтисодиётимизда давлатнинг иштироки қай даражада эканини танқидий баҳолаш, уни стратегик ҳамда иқтисодий асосланган даражага қадар қискартириш;

Тўртинчидан, корпоратив бошқарув тизимидаги принцип ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш, ишлаб чиқариш, ташқи иқтисодий ва инвестиция жараёнларига замонавий халқаро корпоратив менежмент стандартларини жорий этиш;

Бешинчидан, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш, иқтисодий ўсиш ва иқтисодиётни таркибий жиҳатдан ўзгартириш;

Олтинчидан, ривожланган инфратузилмани ташкил этиш, биринчи навбатда, ахборот-коммуникация тизими, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация қурилишини тараққий эттириш орқали иқтисодиётимизни таркибий жиҳатдан ўзгартиришга эришиш;

Еттинчидан, аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини муттасил ошириш;

Ушбу муҳим устувор вазифаларнинг амалга оширилиши мамлакатимиз иқтисодиётини модернизациялашга, жаҳон бозорига рақобатбардош маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилишига, аҳоли фаровонлигининг ошишига, энг муҳими, ўз олдимизга кўйган юксак мақсад - дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторидан муносиб ўрин олишимизга хизмат қилади.

4- БОБ: ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ СОҲАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

 

Мустақиллик – буюк ҳуқуқ. Ундан фойдаланмаган, уни мустаҳкамлашга ҳаракат қилмаган халқ мустақилликка муносиб эмас.

Собиқ шўролар даврида ўзбекларга бошқа миллатлар орасида иккинчи даражали халқ сифатида қараб келинган. Унга пахтани миллатнинг фахри деб тарғиб этиш, энг буюк мутафаккирлар, шоирлар ва олимларимизга турли бўҳтонлар ёғдириш уларни “халқ душмани” деб қатағон қилиш оддий ҳолга айланган эди. Ҳалқимизнинг ҳеч қандай сиёсий овози дунёда эътироф этиладиган сиёсий ҳуқуқи йўқ эди.

Мустақилликка ҳали эришмасдан аввал Ислом Каримов ҳалқимизга сиёсий ҳуқуққа эга бўлиш имкониятини яратиб берди. 1989 йилнинг 24 июнда Ўзбекистон Министрлар Советининг кенгайтирилган мажлисида Ислом Каримов маъруза қилиб, миллат ва мамлакатни ҳуррият йўлига олиб чиқиш, унинг ўз ҳақ-ҳуқуқларига эга қилишнинг илк дастурий концепциясини асослаб берди. Бу концепция “Биз энди эскича яшай олмаймиз, замон ҳам бунга йўл қўймайди”, деб номланган эди. Маърузада ўз қадри, ғурури, шаъни топталган юрт ва ҳалқнинг қаддини тиклаш, ўзлигини ўзига англатиш ғояси долзарб масала сифатида ўртага қўйилди. Миллий мустақилликка эришишнинг эволюцион жараёнига шу тариқа тамал тоши қўйилди ва мамлакатнинг сиёсий ҳуқуқ пойдеворининг яратлишига эришди: Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Ўзбек тили илк маротаба қонунан ягона сиёсий, ҳуқуқий, маънавий, ижтимоий, маданий мулоқот воситаси сифатида эътироф этилди. 1990 йил март ойида Ўзбекистонда президентлик институти жорий этилди. 1991 йилнинг июнь ойида эса мамлакатимизда 12 банддан иборат Мустақиллик декларацияси эълон қилинди. Шу тариқа мустақилликка эришишнинг сиёсий асослари яратилди.

Ўзбекистонда истиқлолнинг биринчи кунларидан ана шу тарихий имконият ишга туширилди. Етти эмас, етмиш марта ўйлаб, ўлчаб, етти хил (баъзи ҳолларда 12 вариантдаги) ечимнинг энг мақбул, энг тўғриси белгилаб олинди[1]. Бугунги ютуқларимиз тарихи ўша йиллардаги энг тўғри қарорлардан бошланган.

Истиқлолнинг илк кунлариданоқ Ўзбекистонда жамиятнинг барча соҳаларини демократлаштириш, маънавий қадриятларни тиклаш жараёни босқичма-босқич ривожланмоқда. Демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш тизимли тарзда амалга оширилмоқда. Янги Конституциянинг қабул қилиниши сиёсий ва ҳуқуқий тизим, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ривожланишининг юридик мезонларини белгилаб берди.

Ўзбекистон Республикасининг конституциявий ривожланишида икки алоҳида босқични кўрсатиш мумкин. Уларнинг ҳар бири мамлакатимиз тарихида ўзига хос ўринга эга.

Биринчи босқич, 1991 – 2000 йиллар: бирламчи конституциявий ислоҳотлар ва миллий ҳуқуқий давлатчилик ҳамда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётининг асосларини шакллантириш босқичи. Бу босқичда Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётининг конституциявий асослари белгилаб олиниб, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, уларга риоя қилиш ва ҳимоя қилиш давлат сиёсати шаклланди. Шу йилларда Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 6 та асосий ҳужжатига қўшилди.

Конституциявий ривожланишнинг биринчи босқичи хусусиятлари қуйидагилардан иборат:

биринчидан, барқарор конституциявий тартиб ўрнатилди. Демократик эркин сайловлар орқали мамлакатнинг сайлов корпуси томонидан давлат ҳокимияти бу даражада легитимация қилиниши Ўзбекистон тарихида ҳали бўлмаган;

иккинчидан, иқтисодий соҳада мулкчиликнинг барча шакллари, жумладан, хусусий мулкнинг тенглиги, тадбиркорлик эркинлиги ўрнатилиб, ижтимоий йўналтирилган бозор муносабатлари ривожланиши учун зарур шарт-шароит ва кафолатлар яратилди. Барқарор иқтисодий ривожланиш давлатнигина эмас, балки жамиятнинг ҳам вазифасига айланди. Чунки кучли ва очиқ фуқаролик жамияти иқтисодий фаолият эркинлигисиз мавжуд бўла олмайди;

учинчидан, сиёсий соҳада ҳам ҳуқуқий давлатчиликнинг энг зарур мезонларига мувофиқ эркинлик таъминланди. Мамлакатда сиёсий ва мафкуравий ҳурфикрлилик, сўз ва ахборот эркинлиги шаклланди. Фуқаролар жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган барча сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлди;

тўртинчидан, давлат тузилиши соҳасида ҳуқуқий давлатчиликнинг муҳим белгиси – ҳокимият ваколатлари бўлиниши принципи асосида давлат органлари тизими шакллантирилди.

2001 – 2010 йилларни қамраб олган иккинчи босқич ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу фаол конституциявий ҳуқуқ ижодкорлиги даври бўлди. Бу босқичнинг хусусиятлари қуйидагилардан иборат:

биринчидан, қонун қабул қилишда давлат ва маҳаллий манфаатларни эътиборга оладиган икки палатали парламентни шакллантириш ҳамда фаолият юритиш асосида қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг роли ва таъсирини кучайтириш;

иккинчидан, сиёсий партиялар ва фуқаролик институтларининг қарорлар қабул қилишдаги ролини кучайтириш, давлат тузилмалари фаолиятининг мониторингини амалга оширишда нодавлат ташкилотларнинг ролини ошириш;

учинчидан, суд тизимини либераллаштириш ва инсонпарварлаштиришга қаратилган туб ислоҳотлар ўтказиш, ўлим жазосини бекор қилиш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, “Хабеас корпус” институтини жорий қилиш, адвокатура ролини ошириш;

тўртинчидан, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида маърифий ишларни ривожлантириш.

Иккинчи босқичда ислоҳотлар натижасида мамлакатнинг олий қонун чиқарувчи органи – икки палатали Олий Мажлис шаклланди. Президент ваколатлари бир қисмининг Сенатга берилиши ҳамда Бош вазир ҳуқуқ ва ваколатларининг кенгайтирилиши, икки палатали парламент ваколатини кенгайтириш ва қонун чиқарувчи ҳамда ижроия ҳокимиятлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этди. Бошқача айтганда, Конституция бир ижтимоий-сиёсий тизимдан бошқа тизимга ларзаларсиз ўтишга ёрдам берди, “ўзбек модели”нинг мустаҳкам ҳуқуқий асосига айланди. “Ўзбек модели” йигирма тўрт йил давомида даврнинг барча синовларидан ўтиб, ўзини оқлади. Унинг ғалабасидан бугун ҳар бир хонадон баҳраманд.

Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолияти концепциясининг аҳамияти

Тинчлик ва тараққиёт, фаровонлик ва ободлик ўз-ўзидан келмайди. Бу борада айниқса мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат, миллатлараро тотувликни кўз қорачиғидек асраш бугунги кунда энг катта вазифамизга айланмоқда. Бу ҳақда сўз борганда 24 йиллик мустақил тараққиётимиз йўлида элу юртимиз бошдан кечирган оғир синовларни ёддан чиқармаслигимиз, мустақиллигимизни, тинч­осуда ҳаётимизни асраш учун ҳар биримиз доимо курашиб яшашимиз лозимлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Мустаҳкам хавфсизлик, барқарор иқтисодий тараққиёт учун қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳоли турмуш даражасини кўтариш, конституцион тузум асосларини мустаҳкамлаш, миллатлар аҳиллигини, халқлар дўстлигини таъминлаш, фуқаролар эркинликлари ва ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилиш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг асосий мақсадлари ҳисобланади.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва 2012 йил сентябрда қонун асосида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепцияси” халқаро ҳамжамиятда катта акс-садо берди. Давлатимиз раҳбари ушбу ҳужжатнинг ўта муҳим аҳамиятга эга эканлигини Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ва Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 21 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида алоҳида таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, минтақамизда мураккаб вазият вужудга келаётган шароитда, узоқ ва яқин атрофимизда турли қарама-қаршиликлар тобора кучайиб бораётган бир пайтда мамлакатимиз тинчлиги ва фаровонлигини сақлаш, ён-атрофимиздаги давлатлар ва халқлар билан ўзаро бир-бирини тушуниш ва ҳамжиҳатликда яшаш учун шарт-шароитларни таъминлашга қаратилган ташқи сиёсат халқимизнинг асл орзу-умид ва интилишларига мос келади. “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепцияси” замирида айнан шундай қараш ва ёндашувлар мужассам.

Мазкур Концепцияни айнан бугунги кунда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурияти Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йўлида янги босқичга кўтарилиши ҳамда халқаро сиёсий ва иқтисодий муносабатларда юз бераётган чуқур ўзгаришлар асносида туғилди. Истиқлол даврининг ўтган йиллари мобайнида Ўзбекистоннинг ҳар томонлама пухта ўйланган, миллий манфаатларга асосланган ташқи сиёсат курси шаклланди ва жаҳон ҳамжамиятида кенг эътироф этилиб, мамлакатимиз обрў-эътиборини мустаҳкамлади. Шу билан бирга Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятнинг янги марраларига чиқиши, мамлакатимизнинг ҳозирги замон халқаро муносабатлар тизимидаги ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш ҳамда жаҳон сиёсати ва иқтисодиётида юз бераётган чуқур, шиддатли ўзгаришлар давлатимиз ташқи сиёсатининг концептуал асосларини такомиллаштириш заруриятини кун тартибига қўйди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда 2012 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан XXI асрнинг тўхтовсиз ва тезкор равишда ўзгариб бораётган халқаро сиёсий жараёнлари шароитида мувозанатли ва айни вақтда фаол, собитқадам ташқи сиёсат стратегиясини амалга ошириш бўйича доктринал ҳужжат ишлаб чиқиш тўғрисида муҳим вазифа қўйилди.

Бундай ҳужжатни ишлаб чиқишга давлат даражасидаги кенг кўламли муносиб ёндашувни таъминлаш мақсадида махсус Идоралараро ҳайъат тузилди. Идоралараро ҳайъат ҳамда унинг доирасида тузилган қатор ишчи гуруҳларининг мутахассислари мазкур ҳужжатнинг режа-лойиҳасини, мазмун-моҳиятини, тегишли бўлимлари ва матнини тайёрлаш бўйича ўрнатилган тартибда маслаҳатлашувлар, амалий мажлислар ўтказдилар. Ташқи сиёсий фаолиятга алоқадор бўлган масалалар мажмуасини чуқур ўрганиш бўйича биргаликда қуйидаги катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди:

Биринчидан, Концепция Ўзбекистоннинг истиқлол давридаги 20 йиллик тараққиёти ва ўзбек давлатчилигининг бой тарихий тажрибасини инобатга олган ҳолда тайёрланди.

Иккинчидан, ташқи сиёсат соҳасида концептуал ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш борасида ривожланган давлатлар тажрибаси диққат билан таҳлил этилди ва ўрганилди.

Учинчидан, минтақамизда ва халқаро майдонда вужудга келаётган ҳозирги вазият, мамлакатимиз атрофида шаклланаётган мураккаб геосиёсий шарт-шароитларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда Марказий Осиёнинг хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлаш каби долзарб масалалар ҳар томонлама Ўзбекистон манфаатлари нуқтаи назаридан инобатга олинди.

Тўртинчидан, ташқи сиёсий ва иқтисодий фаолиятни тартибга солувчи мамлакатимиз қонунлари ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар, давлатимиз томонидан қабул қилинган халқаро шартномалар мукаммал равишда инвентаризация қилинди.

Ташқи сиёсий фаолият концепцияси миллий хавфсизлигимизни янада мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш, иқтисодий ўсишнинг юқори кўрсаткичларини сақлаб қолиш, юртимизда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига ҳамда фуқаролик жамиятига асосланган очиқ демократик давлат қуриш вазифаларини амалга оширишни давом эттириш учун имкон қадар қулай ташқи шароитларни яратиш талабларига жавоб беради.

Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепцияси – давлатимиз ташқи сиёсатининг фундаментал принциплари ва стратегик устувор йўналишларини, халқаро майдондаги мақсад ва вазифаларини, ўрта ва узоқ истиқболда Ўзбекистон миллий манфаатларини илгари суриш механизмларини белгилаб берадиган қарашларнинг яхлит тизими.

Концепция мазмуни ва қоидалари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, шунингдек “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”га асосланади. Шунингдек, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва принципларига, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Халқаро ҳуқуқ принциплари тўғрисидаги декларацияга, Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Кенгашининг Хельсинки якуний актига ва бошқа тегишли ҳужжатларга мос келади.

Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг фундаментал асарларида, нутқ ва маърузаларида белгилаб берилган аниқ топшириқлар ва қўйилган вазифаларни амалга ошириш юзасидан давлатимизнинг узоқ муддатли стратегик манфаатларидан келиб чиқилиб ҳамда минтақамизда ва дунёда вужудга келаётган реал шарт-шароитлар, сиёсий ва иқтисодий хавфсизлик соҳаларида қарор топаётган жараёнлар инобатга олинган.

Концепция “Умумий қоидалар” ва тўртта бўлимдан иборат:

I. “Ҳозирги замон халқаро муносабатлар тизимида юз бераётган ўзгаришларни Ўзбекистон манфаатлари нуқтаи назаридан баҳолаш”;

II. “Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг асосий мақсади, принциплари ва вазифалари”;

III. “Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари”;

IV. “Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш механизмлари”.

Биринчи бўлимда халқаро муносабатларнинг бугунги аҳволига батафсил тавсиф берилган. Халқаро майдонда сиёсий ва иқтисодий кучлар нисбати ўзгараётгани, унинг минтақавий ва глобал миқёсда хавфсизликни таъминлаш жараёнлари учун олдиндан кўра билиш қийин бўлган оқибатларга олиб келиши мумкинлиги эътироф этилган. Хавфсизликка раҳна солаётган анъанавий ва ноанъанавий таҳдидлар турининг кенгайиб бораётгани, Ўзбекистон чегаралари яқинида кескинлик ва танглик ўчоқларининг сақланиб қолаётгани, дунёнинг бизга яқин бўлган муҳим минтақаларида янги қуролли можаролар ва низоларга олиб келувчи вазиятларнинг кўпайиб бориши хавфи мавжудлиги таъкидлаб ўтилган.

Дунёда тўхтовсиз давом этаётган “геосиёсий ўйинлар”, тобора жадал тус олиб бораётган “геосиёсий рақобат” жаҳондаги кескинлик ва стратегик мавҳумликни кучайтираётганлигига эътибор қаратилган. Айрим халқаро субъектларнинг қисқа муддатли ва тор доирадаги манфаатларни кўзловчи шошма-шошарлик билан амалга оширилаётган тартибсиз ҳаракатлари халқаро ҳуқуқнинг фундаментал принциплари бузилишига олиб келаётгани таъкидлаб ўтилган.

Мазкур бўлимда глобаллашув жараёни изчил ва орқага қайтариб бўлмас хусусият касб этгани таъкидланар экан, унинг бир томондан, давлатларнинг ривожланиши учун қулай имкониятлар очиб бериш, иккинчи томондан эса иқтисодиёт, энергетика, экология, озиқ-овқат билан таъминлаш, ахборот алмашиш, гуманитар хавфсизлик соҳаларида турли хавф-хатарлар туғдираётгани эътироф этилган. Бу жараёнлар таъсирида: дунё мамлакатларининг ўзаро боғлиқлиги ошиб бориши; жаҳон иқтисодиётида инқироз ҳолатлари вужудга келиши; халқаро молиявий муносабатлар тизимида сезиларли ўзгаришлар юз бериши; иқтисодий тараққиёт марказининг Осиё томон силжиши; стратегик ресурслар учун курашнинг кескинлашуви; дунё мамлакатлари ва минтақалари ўртасидаги ривожланишдаги фарқнинг кучайиб бориши таъкидлаб ўтилган.

Концепцияда Марказий Осиё минтақасига алоҳида диққат-эътибор қаратилган ва “Ўзбекистоннинг ҳаётий муҳим манфаатлари шу минтақа билан боғлиқ” эканлиги белгилаб қўйилган. Жумладан, Марказий Осиё ўзининг муҳим геосиёсий жойлашуви ва улкан минерал хом-ашё ресурслари захираларига эга эканлиги туфайли жаҳон миқёсида кучли эътибор объектига ҳамда энг йирик давлатларнинг стратегик манфаатлари тўқнашадиган ҳудудга айланиб бораётгани таъкидлаб ўтилган. Йирик давлатлар Марказий Осиё давлатларининг ўз ривожланиш модели ва сиёсий йўлини белгилашида таъсир ўтказишга интилаётгани, минтақада ўз мақсадларинигина кўзлаётган ташқи кучларнинг ўзаро “рақобати” кучайиб бораётгани кўрсатилган.

Минтақадаги трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш муаммоси ҳамон ҳал этилмай келаётганига алоҳида урғу берилган. Минтақада яшаётган миллионлаб кишиларнинг соғлиғига, аҳоли генофондига зиён етказаётган мураккаб экологик муаммолар, хусусан, Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатлари, катта корхоналарнинг саноат чиқиндилари трансчегаравий сув ресурсларини ифлослантириши ва атроф-муҳитни заҳарлаши – Марказий Осиёнинг фаровонлиги ва барқарор тараққий этиши учун тобора хавфли тус олиб бораётгани алоҳида таъкидланган.

Бундан ташқари, ушбу ҳужжатда минтақада очиқ денгиз портларига чиқишга имкон берувчи транспорт-коммуникация йўлларининг чекланганлиги ва уларнинг ўрнини боса олувчи, муқобил йўналишлари тизими йўқлиги Марказий Осиё давлатларининг барқарор иқтисодий ўсиш истиқболларига салбий таъсир ўтказаётганига жиддий эътибор қаратилган. Қўшни мамлакатлар ўртасидаги давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш жараёнлари ҳали тугалланмагани Марказий Осиёдаги вазиятнинг мураккаблашувига олиб келаётгани ҳамда чегарадош давлатлар орасида айрим сиёсий, иқтисодий масалаларни уларнинг хўжалик субъектлари ўртасидаги долзарб муаммоларни ҳал этишда қийинчиликлар туғдираётгани эътироф этилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Концепцияда Ўзбекистон ўз қўшниларига нисбатан очиқ, яхши қўшничилик, дўстлик ва хайриҳоҳлик принципларига асосланган сиёсат олиб бориши белгилаб қўйилган. Ўзбекистон минтақадаги барча долзарб масалаларни ўзаро манфаатдорлик, бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик принципларига асосланган ҳолда, музокаралар йўли билан ҳалқаро ҳуқуқ нормаларига мос равишда ҳал этиш тарафдоридир. Марказий Осиё муаммолари ташқи кучларнинг аралашувисиз минтақадаги давлатларнинг ўзлари томонидан ечилмоғи зарур.

Мазкур ҳужжатда Афғонистондаги оғир ва мураккаб шароитга алоҳида эътибор қаратилган. Концепцияда Ўзбекистоннинг қўшни Афғонистонга нисбатан тутган позицияси аниқ белгилаб берилган. Зеро, Ўзбекистон Афғонистонда узоқ муддатли барқарорлик ва бардавом тинчлик тарафдоридир.

Ўзбекистон ўзининг қўшни Афғонистон билан муносабатларини икки давлатнинг миллий манфаатларини ҳисобга олиб, афғон халқининг ўз мамлакати келажагини ўйлаб танлаган йўлини ҳурмат қилган ҳолда, икки томонлама асосда шакллантириб келмоқда ва бундан буён ҳам шу тамойилга амал қилади.

Концепциянинг иккинчи бўлимида Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий принциплари баён этилган. Жумладан, қуйидагилар белгилаб қўйилган:

– дунёда тинчлик ва хавфсизликни сақлашга ҳамда умумэътироф этилган халқаро норма ва принципларга риоя этишга содиқлик;

– мафкуравий қарашлардан қатъи назар ҳамкорлик учун очиқлик;

– тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик, давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, чегаралар дахлсизлиги, ички ишларга аралашмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид солмаслик.

Ўзбекистон прагматик, оқилона ва мақсадга мувофиқ сиёсат юритиш тарафдори бўлиб, ташқи сиёсат мақсад ва вазифалари давлатнинг узоқ муддатли манфаатларига, унинг ресурслари ва салоҳиятига мос келиши принципларига содиқ қолади.

Концепцияда принципиал аҳамиятга эга бўлган қуйидаги қоида ҳам муҳрлаб қўйилган:

– Ўзбекистон Республикаси давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, унинг фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадидан келиб чиқиб, мамлакатни модернизация қилишнинг устувор йўналишларига, амалдаги миллий қонунчилик ҳамда қабул қилинган халқаро мажбуриятларга риоя қилган ҳолда иттифоқлар тузиш, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириш, шунингдек, улардан ажралиб чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади;

– Ўзбекистон тинчликсевар сиёсат юритади ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди, ҳар қандай давлатлараро тузилмалар ҳарбий-сиёсий блокка айланган тақдирда, улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади;

– Ўзбекистон Республикаси қўшни давлатлардаги қуролли можароларга ва кескинлик ўчоқларига тортилишнинг олдини олиш юзасидан сиёсий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни кўради, шунингдек, ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди;

– Конституцияга, “Мудофаа тўғрисида”ги Қонунга ва Ҳарбий доктринага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фақат давлат суверенитети ва мамлакат ҳудудининг яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш мақсадида тузилади ҳамда хориждаги тинчликпарварлик операцияларида иштирок этмайди.

Ҳужжатнинг мазкур бўлимида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат соҳасидаги вазифалари ҳам аниқ ва равшан белгилаб берилган. Бунда, жумладан, қуйидагилар алоҳида аҳамият касб этади:

– миллий манфаатларни қатъий ҳимоя қилишга ва илгари суришга йўналтирилган изчил ва фаол ташқи сиёсат стратегияси олиб бориш;

– Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш, минтақани хавфсизлик ва барқарор тараққиёт ҳудудига айлантириш. Марказий Осиёда мунозара ва низоларни, конфликтли вазиятларни, кескинлик ва танглик ҳолатлари эскалациясининг олдини олиш мақсадида юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этишда керакли ўринларда превентив дипломатия усулларини қўллаш;

– Ўзбекистоннинг дунёдаги етакчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан стратегик шерикчилик муносабатларининг мувозанатли ва кўп қиррали тизимини шакллантириш; минтақада геосиёсий мувозанатни сақлаш; ташқи сиёсий, иқтисодий, савдо-сотиқ, транспорт ва бошқа соҳалардаги алоқаларни кенг диверсификация қилиш, юқори технологияларни жалб этиш;

– миллий иқтисодиётнинг устувор тармоқларига тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ва илғор технологияларни жалб этишнинг самарадорлигини ошириш учун икки томонлама ҳамда кўп томонлама ҳамкорлик механизмларини ишга солиш;

– минтақанинг очиқ денгизлардан йироқда жойлашганлиги, унинг географик ёпиқ ҳолати билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга йўналтирилган истиқболли транспорт-коммуникация лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, мамлакатимизда халқаро миқёсда фаолият юрита оладиган мультимодал транспорт-логистика марказларини шакллантириш жараёнига амалий кўмак бериш ва уни жадаллаштириш;

– Ўзбекистоннинг минтақада ва халқаро майдонда тинчлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган халқаро ташаббусларини изчиллик билан илгари суриш, мамлакатнинг дунё ҳамжамиятидаги имижини, обрў-эътиборини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларни кўриш;

– хориждаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш.

Ҳужжатнинг учинчи бўлимида ташқи сиёсатнинг яна бир нозик ва мураккаб жиҳати – ташқи алоқаларнинг географик устувор йўналишлари белгилаб берилган. Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг бош устувор йўналиши деб Марказий Осиё минтақаси кўрсатилган. Бошқа бир устувор йўналиш сифатида МДҲ давлатлари билан бўлган алоқалар белгиланган.

Ўзбекистон ташқи сиёсатида устувор аҳамият касб этадиган яна бир йўналиш сифатида жаҳон сиёсий ва иқтисодий тизимида етакчи ўрин тутган, модернизация жараёнлари учун керакли илғор технологиялар манбаи саналган, саноати ривожланган Ғарб давлатлари билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш кўрсатиб ўтилган. Ташқи сиёсатимизнинг асосий устувор йўналишлари қаторига глобал сиёсат ва иқтисодиётда тобора асосий ўринлардан бирини эгаллаб бораётган Осиё-Тинч океани минтақаси киритилган.

Бундан ташқари, таъкидланадики, Ўзбекистон Ўрта ва Яқин Шарқда жойлашган давлат ва мамлакатлар билан анъанавий тарихий-маданий алоқалар ҳамда дунёнинг мазкур қисмида рўй бераётган кескин ўзгаришларнинг келгусидаги хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўзаро манфаатли муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлашда давом этади.

Лотин Америкаси ҳамда Кариб денгизи минтақасидаги етакчи давлатлар ва Африка қитъасидаги мамлакатлар билан ҳам икки томонлама асосда, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасида алоқаларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш Ўзбекистон миллий манфаатларига жавоб бериши ҳужжатда алоҳида эътироф этилган.

Ташқи сиёсатимизнинг муҳим устувор йўналишларидан яна бири сифатида Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий ташкилотлар фаолиятидаги иштироки кўрсатилган. Бу йўналишда, авваламбор, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан бўлган алоқалар назарда тутилган. Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон БМТни глобал хавфсизлик ва барқарорликни сақлаб туриш, давлатлараро долзарб муаммоларни ҳал этиш борасидаги ягона универсал ташкилот деб билади. Биз барқарор ривожланиш, “Минг йиллик тараққиёт мақсадлари”, Марказий Осиё минтақасидаги қатор масалаларни, хусусан, экологик муаммоларни ҳал этиш соҳаларида БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан ҳамкорликни изчил давом эттирамиз.

БМТ тизимидаги ихтисослашган ташкилотлар қаторида Ўзбекистон, аввало, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, БМТ Тараққиёт дастури, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ва бошқа тегишли тузилмалар билан ҳамкорликни ривожлантиради.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ва бошқа шу каби халқаро ташкилот ҳамда уюшмалар фаолиятида фаол иштирок этиш ҳам мамлакатимиз миллий манфаатларига мос келади, ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Бундан ташқари, Ўзбекистон ўз миллий манфаатлари ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда етакчи халқаро молиявий ва иқтисодий ташкилотлар билан, авваламбор, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Жаҳон савдо ташкилоти ва бошқалар билан алоқаларни ривожлантиришда давом этади.

Концепциянинг тўртинчи бўлимида мамлакат ташқи сиёсий фаолиятини амалга ошириш учун халқаро майдонда сиёсий, дипломатик, шартномавий-ҳуқуқий, савдо-иқтисодий ҳамда бошқа механизмлар, усул ва услублар, шакл ва воситалар мажмуасидан самарали фойдаланишни кўзда тутадиган, кенг кўламли ягона ва яхлит давлат сиёсатини олиб боришга асосланган ёндашув талаб этилади.

Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий стратегиясини амалга ошириш тегишли давлат органлари зиммасига юклатилган ва улар мамлакат миллий манфаатларини халқаро майдонда ҳимоя қилиш ва илгари суриш, ўз олдиларига қўйилган мақсад ва вазифаларни изчил амалга ошириш учун ўзаро келишилган, мувофиқлаштирилган фаолият олиб боради. Мамлакат ташқи сиёсати Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлиги остида амалга оширилади. Президент давлатнинг халқаро ва минтақавий масалалар бўйича стратегик мақсад ва вазифаларини белгилаб беради ҳамда давлат раҳбари сифатида халқаро майдонда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўради.

Концепцияда мамлакат ташқи сиёсатини амалга оширишда иштирок этувчи ва бу борада алоҳида масъул бўлган давлат органлари тизимида Ташқи ишлар вазирлиги марказий бўғин вазифасини бажариши ва бу борада умумий фаолиятни мувофиқлаштирувчи сифатида алоҳида ўрин тутиши белгилаб қўйилган.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, мазкур ҳужжатда парламент, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг давлат ташқи сиёсат стратегиясини амалга оширишда ўрни ва роли ортиб бораётгани алоҳида таъкидлаб ўтилган. Парламентнинг ташқи сиёсий мақсад ва вазифаларни амалга оширишда, ташқи сиёсий ва иқтисодий фаолиятнинг қонунчилик базасини такомиллаштиришда, мустаҳкамлашда, етук хорижий мамлакатлар билан парламентлараро алоқаларни ривожлантиришда тутган ўрни беқиёс эканлиги эътироф этилган.

Концепциянинг ушбу бўлимида ташқи сиёсат стратегиясини ҳаётга татбиқ этишда тизимли тарзда тегишли ахборот-таҳлил ишларини ташкил қилиш ва тўхтовсиз ривожлантириб бориш муҳим аҳамият касб этиши белгилаб қўйилган. Халқаро майдонда, мамлакатимиз теварак-атрофида юз бераётган воқеа-ҳодисалар ривожини узлуксиз мониторинг қилиш, миллий хавфсизлигимиз ва манфаатларимизга таҳдид солаётган ёки солиши мумкин бўлган хавф-хатарларни аниқлаш, олдиндан кўра билиш ҳамда чуқур таҳлил асосида тегишли таклиф ва чораларни ўз вақтида ишлаб чиқиш тобора муҳим аҳамиятга эга бўлиб бормоқда.

Шиддат билан ўзгараётган бугунги дунёда миллий хавфсизлигимизни таъминлаш нафақат ён-атрофимизда юз бераётган жараён ва ҳодисаларга муносиб жавоб бериш, балки уларнинг салбий оқибатларини ўз вақтида олдини олиш, юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий хавф-хатарларни олдиндан кўра билиб, тегишли эҳтиёт чораларини ишлаб чиқиш ва таҳдидларни бартараф этишни тақозо этмоқда.

Концепцияда алоҳида эътибор қаратилган яна бир масала – дунёда сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ва бошқа соҳаларда юз бераётган жараёнларни тўғри ва аниқ тушуна оладиган, ҳозирги замон фан ва техникаси ютуқларидан самарали фойдаланадиган, давлат томонидан халқаро майдонда қўйилган мақсад ва вазифаларнинг мазмун-моҳиятини англаб етадиган, профессионал касбий малакаси юқори бўлган миллий кадрларни тайёрлаш ва етказиб бериш тизимини такомиллаштириш вазифаларидир.

Бугун, ҳеч муболағасиз, ғурур ва ифтихор билан айтиш мумкинки, мустақилликка эришганимиздан буён ўтган қисқа давр ичида мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллади.

Ўзбекистоннинг жаҳондаги обрў-эътибори юксалиб бораётгани қуйидагиларда:

– юртимизда демократик ва бозор иқтисодиёти ислоҳотларини амалга ошириш натижасида қўлга киритилаётган улкан ижобий ўзгаришларда, уларнинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилишида мужассам бўлмоқда;

– давлатимизнинг жаҳон аҳлига  яхши маълум бўлган, минтақамизда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларининг амалий самарасида ўз ифодасини топмоқда;

– мамлакатимизнинг халқаро сиёсат майдонида олиб бораётган ҳар томонлама пухта ишланган, чуқур ўйланган ташқи сиёсатининг натижаси сифатида намоён бўлмоқда.

 

МУНДАРИЖА

 

 

КИРИШ

3

1-БОБ

МУСТАҚИЛЛИК- ЭЗГУ ОРЗУЛАР РЎЁБИ

5

2-БОБ

МУСТАҚИЛЛИКНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

11

3-БОБ

ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ СТРАТЕГИЯСИ– БАРҚАРОР ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ

ТАРАҚҚИЁТИМИЗ ТАЯНЧИ

20

4-БОБ

ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ СОҲАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

28


[1] Каримов И.А. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. “Демократия – қонунга ва шахсга ҳурмат демакдир”. “- Рабочая трибуна” газетаси мухбири саволларига жавоблар. –Т.: “Ўзбекистон”, 2011. – 440 б. 353-бет.

31 avgust 2015 yil, O`qilgan:15960

Xabar qoldirish

Agar Sizda universitetimiz faoliyati bo`yicha masalalar/muammolar,
ariza, shikoyat yoki takliflar bo`lsa
virtual qabulxona
orqali qoldirishingiz mumkin

Ushbu sahifa bo`yicha fikringizni esa quyida qoldirishingiz mumkin



Ismi sharifingiz:

E-mail:

Fikringiz :
Ximoya kodini kiriting :


  • Pedagogikadan savol

    Qaysi texnologiyalarda o`quvchilarda aqliy faoliyat usullarini shakllantirishga asosiy e`tibor qaratiladi?

    Javob: Muammoli ta`lim texnologiyalarida

So`nggi yangiliklar

Foydali manbalar




Рейтинг ВУЗов